Жанубий Корея парламенти кей-поп юлдузларининг армияда хизмат қилишини кечиктириш имконини берадиган қонун лойиҳасини маъқуллади, деб хабар беради BBC.

Фото: Getty Images

Жанубий Кореяда 18 дан 28 ёшгача бўлган барча йигитларнинг армияда хизмат қилиши мажбурий ҳисобланади. Амалдаги қонунга кўра, машҳур актёрлар, спортчилар ва классик мусиқачиларга муддатли ҳарбий хизматни ўташни 30 ёшгача кечиктиришга рухсат берилган.

Янги ўзгартиришга кўра, эндиликда «оммавий маданият ва санъатда муваффақиятга эришган» поп-ижрочиларга ҳам 30 ёшгача армияга бормасликка рухсат этилади. Бу каби рухсат маданият вазирининг тавсиясига кўра берилади.

Ўзгартиришлар сабаб BTS кей-поп гуруҳи ўз таркибини яна икки йилга сақлаб қолиши мумкин. Гуруҳ аъзоларининг энг каттаси 4 декабрь куни 28 ёшга тўлади; эски қоидаларга кўра, у йил охирига қадар армияга боришга мажбур эди — эндиликда уни кечиктириши мумкин.

Маълумот учун, BTS гуруҳи сентябрь ойида Американинг Billboard 100 чартида биринчи ўринни эгаллаган илк кей-поп лойиҳа ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Сон Ҳён Мин Жанубий Кореяда ҳарбий тайёргарликдан ўташи маълум бўлганди. 2018 йилда Сон Жанубий Корея терма жамоаси билан Осиё ўйинларида ғолибликни қўлга киритган ва бунинг эвазига ҳарбий хизматдан озод этилганди. Бироқ футболчи қисқартирилган ҳарбий тайёргалик жараёнидан ўтиши керак эди.