Гулнора Каримова Швейцарияда бўлиб ўтган судда ғолиб чиқди. Суд қарорига кўра, Гулнора Каримова банкда музлатилган қарийб 350 миллион долларлик активга эгалик қилиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg агентлигига таяниб, «Kun.uz» хабар берди.

Фото: Bloomberg

Агентликнинг ёзишича, Швейцария федерал апелляция суди 3 декабрь куни Гулнора Каримовани Гибралтар офшор ҳудудида рўйхатдан ўтган Takilant Ltd. компаниясининг ҳуқуқий эгаси этиб топиш тўғрисидаги аризани кўриб чиққан ва уни қаноатлантирган. Мазкур компаниянинг Швейцария банкидаги ҳисобрақамида қарийб 350 миллион доллар миқдоридаги активлари 2018 йилда қабул қилинган жиноят иши қарори билан музлатилган.

Суд қарорига кўра, жиноят иши доирасида фақат Б. исмли шахс айбли деб топилган. У ҳужжатларни сохталаштириш, ноқонуний даромадларни легаллаштириш, Каримова номидан очилган компаниялар орқали поралар олишда айбдор деб топилган.

«Бу Гулнора Каримова учун муҳим ғалаба, федерал прокуратура унинг активларини мусодара этишга эришмоқчи эди», — деган Каримованинг адвокати Грегуар Манжа.

Аввалроқ Швейцария ҳукумати Гулнора Каримовага тааллуқли 131 миллион долларни маълум шартлар билан Ўзбекистонга қайтаришга розилик бергани ҳақида хабар қилинганди. 2020 йилнинг май ойида эса Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 10 миллион доллар миқдоридаги активлар Франциядан Ўзбекистонга қайтарилгани маълум қилинди. Июнь ойида эса Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом этаётгани ҳақида хабар берилганди.