Тошкент шаҳар Яккасарой туманида ички ишлар идоралари томонидан ўтказилган тадбирда туман ҳудудида жойлашган «Луксор» тунги клуби соат 23:00 дан кейин фаолият олиб бораётгани аниқланди. Бу ҳақда Zo‘r TV телеканалининг «25 соат» дастурида хабар берилди.

Маълум бўлишича, муассасада тунги клубнинг барча хизматлари қайта тиклангани, спиртли ичимликлар ва чилим тарқатилаётгани аниқланган.

«Аёллар стриптизи ҳам мижозларга тақдим қилинаётгани, бу ердаги ярим яланғоч қизларнинг рақс тушаётгани махсус саҳнадан исботини топиб турибди», — дейилади телеканал лавҳасида.

Ички ишлар ходимлари клуб мутасаддисига йўл қўйилган камчиликларни тушунтириб, кўриладиган чоралар ҳақида огоҳлантириш берди.

Ушбу муассасада аниқланган ҳолатларга ойдинлик киритиш ва белгиланган ҳужжатларни расмийлаштириш учун карантин қоидаларини бузганлар ва бунга шароит яратиб берганлар Ички ишлар бўлимига олиб кетилди.