Бугун бутун дунё афсонавий Жон Леннонни эслайди. Чунки 8 декабрь куни «Битлз» гуруҳининг энг машҳур солисти Марк Чапман томонидан ўлдирилганига 40 йил бўлди...

Исёнкор даҳо

Жон Леннон кимлигини кўпчилик билади. Мусиқачи, исёнкор, дунёни ўзгартирган одам... Унинг шахсияти шу қадар турли афсоналар матосига ўралганки, ҳозир ҳам мусиқачининг таржимаи ҳолидаги ҳақиқий фактларни тиклаш қийин. Шундай афсоналарга кўра, у 1940 йил 9 октябрда Ливерпулда, шаҳар фашистлар томонидан бомбардимон қилинаётган пайтда туғилган.

Жон Леннон.

Фото: Styleэ

Avantюризм ва исёнкорлик Леннонга ота-онасидан мерос бўлиб қолган. Унинг отаси Алфред болалар уйида тарбияланган, бир шиша виски ўғирлашда айбланиб, уч ой қамоқда ўтирган. Онаси эса сўровномаларда чипта сотувчиси сифатида ишлаганини кўрсаца-да, аслида, у ишсиз эди.

Жон туғилгандан кўп ўтмай унинг ота-онаси ажрашиб кетди ва Жон ўзи билан ўзи қолди. Мактабда эса, афтидан, ақлли кўринишга эга бўлган бу кўзойнакли бола безориларнинг энг каттаси эди. У ўз атрофига тўда тузиб, улар билан бирга майда ўғирлик билан шуғулланган, тенгдошлари билан муштлашган.

Аммо бу Жон Леннонни жиноят оламига бошламади. 16 ёшида у мактабдаги дўстлари билан ўзининг биринчи гуруҳи «The Quarrymen»ни ташкил этди. Орадан бир йил ўтгач у Пол Маккартни билан танишди ва улар мусиқий гуруҳ тузмоқчи бўлди. Маккартни эса ўз дўсти Жорж Харрисонни ҳам ушбу гуруҳга таклиф қилди. 1959 йилда гуруҳ номи Silver Beatles деб номланди ва 1960 йил 11 июнда газеталарда илк бор The Beatles ҳақида мақолалар пайдо бўлди.

Орадан бир неча йил ўтгач бутун дунё улар ҳақида гапира бошлади. Ўз шон-шуҳратининг энг юқори чўққисида Леннон шундай деганди: «Биз ҳозир Исо Масиҳдан ҳам машҳурроқмиз. Қайси бири аввал йўқолишини билмайман: рок-ролл ёки насронийлик». Машҳур исёнкорнинг бу ибораси келажакда унга қандай кулфатлар келтиришини тасаввур ҳам қила олмасди...

Қотил ҳақида

Жон Леннондан фарқли ўлароқ, Марк Чапман кўзга ташланмайдиган одам эди. У болалигидан АҚШ ҳаво кучлари сержанти бўлган отасининг ғазабидан қўрқиб улғайди. Чапман тенгдошлари орасида ҳам доимий масхара қилиш объекти эди. Бироқ уни руҳлантирувчи севимли «Битлз» гуруҳи бор эди, Марк 10 ёшидаёқ ушбу гуруҳнинг мухлисига айланганди.

Маркнинг хонасидаги деворлар гуруҳнинг плакатлари билан тўлган, у ҳам Битлз аъзолари каби кийинар, сочларини ҳам улар каби ўстирган, худди Жон Леннон каби думалоқ кўзойнак таққан, қўшиқлар ёзган, гитара чалган. Энг муҳими, унда Битлзнинг шон-шарафи йўқ эди, Марк буни орзу қиларди.

Фото: Google Photos

Чапман 15 ёшга тўлганида «Битлз» гуруҳи тарқаб кетди. Шундан кўп ўтмай Чапман ўз шаҳри Атлантадан чиқиб кетди ва бир йил ўтиб бутунлай бошқа одамга айланиб қайтди. Калта сочлар, оқ кўйлак ва галстук... Бу ўзгаришларнинг барчаси Чапманнинг насронийлик динига шўнғиб кетгани билан боғлиқ эди. У ёшлар диний бирлашмасининг фаолига айланди ва мактабни тугатгандан сўнг ўқишни давом эттирмасликка қарор қилди. Миссионер сифатида турли давлатларга саёҳат қилди. Танишлари Чапманни ҳар нарсада бошқаларни рози қилишга уринадиган, ўзига ишонмайдиган йигит сифатида эслашади. Охир оқибат у Гавайига жойлашди, қўриқчи сифатида иш бошлайди ва аввалги рок-н-ролга бўлган эҳтиросини абадий унутгандай бўлди.

Бироқ Леннон образи Маркни қўйиб юбормади. Энди унинг кумири Маркда ёмон кўриш ҳисси билан ифодаланарди. Ленноннинг «Битлз» Исо Масиҳга қараганда машҳурлиги ҳақидаги гапини энди Чапман куфр деб қабул қиларди. Бу унинг собиқ кумирига тақлид қилишга онгли ёки онгсиз равишда тўсқинлик қилмади — Леннондан ўрнак олиб, Марк ҳам Глория Абе исмли япон аёлига уйланди.

Кейинчалик Глория ҳам эри Марк Ленноннинг «хиёнати» ҳақида кўп гапирганини эслайди. Исёнчи ва етим боланинг келажакда миллионларнинг кумири ва бой инсонга айланиши Чапманга ёқмайди. У ўз омадсизликлари таъсирида Леннонга ҳасад қила бошлайди. Чапманнинг қарашларига кўра, Леннон ўз қўшиқларида улуғлаган тенглик, биродарлик ва эркинлик ғоялари билан унинг бир нечта квартиралари, уйлари ва ўз оролига эга бой инсонга айланиши мос келмасди. Шу билан бирга, Маркнинг ўзи унинг кумири эга бўлган нарсаларнинг юздан бир қисмига ҳам эга эмасди.

Охир оқибат, кумирига нисбатан пайдо бўлган нафрат ва ҳасаднинг портловчи аралашмаси Марк Чапманни даҳшатли қотиллик режасини амалга оширишга ундади. Қотил ишдан бўшаб, ўқотар қурол сотиб олиб, таниши бўлган полициячидан бешта ўқ олиб, Нью-Йоркка йўл олди...

Узлатга чекинган иқтидор

1980 йил Жон Леннон учун жуда ўзига хос йил эди. Ўша вақтга келиб «Битлз» аллақачон тарқалиб кетганди, бу гуруҳдаги зиддиятларнинг натижаси эди: Леннон ва Маккартни етакчилик учун курашди, яккахон ижрочилик тажрибалари бошланди. Бундан ташқари, Жон Ленноннинг рафиқаси Ёко Оно «Битлз»нинг машғулотларига келишни бошлади.

Ҳозиргача кўплаб мухлислар бу аёлни гуруҳнинг тарқалишида айблайди. У Жонга жуда катта таъсир кўрсатган эди. Улар биргаликда санъат ва мусиқа билан шуғулланди, дунёдаги тинчлик учун юқори даражадаги тадбирларни ташкил қилди ва «Битлз» тарқагандан кейин, 1975 йилда Нью-Йоркка жўнаб кетишди.

Марк Чапман

Фото: Google Photos

Нью-Йоркда уларнинг фарзанди Шон туғилди. Шундан сўнг Леннон узлатга чекиниш даврини бошлади, у беш йил давомида янги қўшиқ чиқармади ва 1980 йилга келибгина «Доубле Фантасй» деб номланган янги альбом ёзди. Асар танқидчилар томонидан юқори баҳоланди ва «Битлз» мухлислари гуруҳнинг бирлашишини кутиб қувонарди. Жоннинг ўзи бундан илҳомланиб, руҳий куч-қувватга тўла бошлаганди.

Қотиллик

Ҳаммаси бир кечада тугади. 1980 йил 8 декабрда Жон Леннон ва Ёко Оно овоз ёзиш студиясидан Манхэттендаги ўзлари яшаган ҳашаматли «Дакота» уйига йўл олди. Жон магнитофон ва кассеталарни кўтарган ҳолда хотинининг орқасидан лимузиндан тушди. Кейин бешта ўқ овози янгради. Қон, қичқириқлар, шишанинг синган овози... Тез ёрдам машинаси жуда тез етиб келди, аммо улар Леннонни қутқара олмади – у 80 фоиз қонини йўқотганди.

Полиция воқеа жойига  бир дақиқадан сўнг етиб келди. Улар қотилни ушлашлари шарт эмасди: Марк Чапман жиноят жойида қолганди. У фонус остида асфальтга ўтириб севимли китоби – Жером Селинжернинг «Жавдарзордаги халоскор» романини ўқирди.

«У икона эди. Мен уни ўлдирдим, чунки у жуда, жуда ва жуда машҳур эди, бу ягона сабабдир. Мен эса жуда, жуда, жуда кўп шуҳрат қидирардим ва худбин эдим», деб изоҳ берди кейинчалик Чапман.

Конспирология

Бироқ баъзи тадқиқотчилар қотил ёлғиз ҳаракат қилмаганига ишонади. Шундайлардан бири – америкалик журналист Фентон Бреслер ўзининг мустақил суриштирувини олиб борди ва Чапман Америка махсус хизматларининг ёлланган агенти бўлиши мумкин, деган хулосага келди. Махсус хизматлар Жон Леннон фаолияти билан фаол қизиқди. Унинг ёшларга бўлган таъсири Америка ҳукуматига ёқмасди. Бундан ташқари, Леннон Вьетнам урушига очиқчасига қарши чиқди ва Пентагонни «тажовуз фоҳишахонаси» ва генералларни «муштумзўрлар», деб атади.

Жон Леннон Британиянинг Лейбористлар партияси ва ирланд миллатчиларига пул беришни бошлаганда, Британия разведкаси ҳам унга фаол қизиқди. Умуман олганда, сиёсий фаол бўлган Жон Леннон жуда кўп одамлар учун ноқулай эди. «Эримни ўлдиришди... Нима учунлигини тахмин қилиш қийин эмас», деганди Ёко Оно.

Хулоса

Аммо аср жиноятини уюштиришда яна кимлардир иштирок этганми ёки йўқми, ҳали ҳам номаълум. Бир киши расмий равишда қотил сифатида тан олинди – Марк Чапман. Унинг иши бўйича суд жараёни бир кун давом этди ва у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

У орзу қилган нарсасига – шон-шуҳратга эришди. Аммо ҳамиша ёш ва абадий даҳо бўлган Жон Леннон ёнида, ёрқин ва кучли истеъдодга ҳасад қилган, омадсизлигини агрессия билан ифодалаган инсон рамзи сифатида машҳур бўла олди холос...

Ушбу мусиқа оламидаги ёрқин рокстарнинг ўлдирилиши сиёсат оламидаги яна бир рокстар Жон Кеннедининг ўлимини ёдга солади. Аммо бу энди умуман бошқа ҳикоя...

Нурбек Алимов тайёрлади.