Билл Гейтс анъанага кўра ҳар йилнинг декабрь ойида унга энг кўп иштиёқ берган китоблар тўплами билан ўртоқлашади. 2020 йилда ҳам унга кўпроқ ёққан асарлардан иборат «ёмон йил учун 5 та яхши китоб» рўйхатини эълон қилди.

Фото: Gates Notes

«Ушбу китоблар менга ҳақиқатан ҳам қизиқарли ва мароқли туюлди. Улар сизларга ҳам қизиқ бўлади деб умид қиламан», — дея унинг сўзларини келтирган Forbes.

Бен Макинтайрнинг «Айғоқчи ва хоин: совуқ урушнинг энг буюк айғоқчилик тарихи» асари — Британия разведкасига ишлаган ва 1985 йилда Буюк Британияга қочиб келган собиқ КГБ полковниги Олег Гордиевский воқеаси. «Асар менинг севимли жосуслик романларим каби мароқли», — деб ёзган Гейтс.

Эрик Ларсоннинг «Муҳташам ва манфур: Черчилль, оиласи ва Блиц вақтидаги итоатсизлик ҳақидаги достон» асари — Буюк Британиянинг 1940—1941 йилларда немис авиацияси томонидан бомбардимон қилингани ҳақидаги китоб.

«Баъзида тарихий китоблар унинг муаллифлари тасаввур қилганидан ҳам кўпроқ долзарброқ бўлади. Германия бомбардировкалар билан инглизларни бўйсундиришга ҳаракат қилган вақтда инглизлар деярли ҳар оқшом подвал ва метро станцияларига тушиб, жон сақлашга мажбур бўлган 1940 ва 1941 йиллар воқеалари ҳақидаги ушбу ажойиб асар билан ҳам шундай бўлди. Уларнинг қўрқув ва хавотири биз пандемия пайтида дуч келганимиздан анча жиддийроқ эди, аммо барибир танишдек туюлади», — деган миллиардер.

Дэвид Эпштейнннинг «Диапазон. Универсаллар ихтисослашувлар дунёсида қандай ғалаба қозонаётгани ҳақида» асари — ушбу китобда «Спорт гени» бестселлери муаллифи муайян мутахассисликка шўнғишдан аввал кўпқиррали ривожланишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритади.

«Агар сиз бир пайтлар ўзингизни мутахассис-ҳамкасбларингиз соясида ҳис қилган етук мутахассис бўлсангиз, бу китоб сиз учун», — дея тавсия қилган Гейтс.

Мишель Александернинг «Янги Жим Кроу: ирқий кўрлик даврида оммавий қамоқ» асари — судлар адлия органларининг қора танлиларга нисбатан адолатсизлиги тўғрисидаги тадқиқот.

«Мен бу китобни бизга ҳукм чиқаришда янада адолатли ёндашув ва рангли уюшмаларга кўпроқ инвестиция киритиш кераклиги ҳақида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ишонч билан ўқиб тугатдим», — деб ёзган Гейтс.

Бижала Триведининг «Туздан нафас олиш: ўлимга олиб келадиган генетик касаллик, фаннинг янги даври ва тиббиётни ўзгартирган бемор ва оилалар» асари — илмий инновация ва унинг муковисцидоз беморлари ва уларнинг оилалари ҳаётига қандай таъсир қилгани ҳақида ҳикоя.

«Бу воқеа мен учун айниқса аҳамиятли, чунки ушбу китобда таърифланган янги дорилар ёрдам берган оилаларни биламан», — деб ёзган Билл Гейтс.

Microsoft’га асос соламан деб Гарвардни ташлаган Гейтс ҳозирда дунёнинг энг саҳоватпеша ҳамда ашаддий китобхон саналади. Ҳар йили у 50 га яқин китоб ўқишга вақт топади.