Starship ракетасининг прототипи вертикал қўниш вақтида тезликни пасайтира олмагани сабаб синов парвози вақтида портлаб кетди. Ракетанинг қўниш трансляцияси SpaceX’нинг YouTube’даги канали орқали амалга оширилган.

Кадр: YouTube

CN8 прототипи 12,5 километр баландликка кўтарилган, двигатель ўчирилган ва у қўна бошлаган. Ерга яқинлашган Starship яна двигателини ёққан, бироқ уларнинг учтадан иккитасигина ишга тушган. Ракета қуйруқ қисми билан бурилиб, вертикал қўниш вақтида портлаб кетган.

SpaceX асосчиси Илон Маск ўзининг Twitter’даги саҳифаси орқали қўниш вақтида ёқилғи бакидаги босим етарлича бўлмагани, шу сабабли бу катта тезликда қўнишни юзага келтирганини ёзиб қолдирган.

Ракета учирилишидан олдин Маск мазкур синов парвозининг муваффақиятини 3/1 га баҳолаган.

The Verge’нинг ёзишича, 9 декабрда ўтказилган синов Starship учун энг кенг кўламли бўлган. Парвоз вақтида ракетанинг аэродинамикаси, старт ва қўниш имкониятлари текширилган. Бунга қадар Starship бундай баландликка кўтарилмаган эди.

SpaceX синовлардан сўнг ракетанинг учиши ва қўниш манёврлари муваффақиятли кечганини маълум қилиб, қанотости бошқарувларининг аниқ ҳисоби амалга оширилганини билдирган. Компаниянинг таъкидлашича, прототип режалаштирилган нуқтага келиб қўнган.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ўрталарида ҳам SpaceX Starship ракетаси прототипининг синови муваффақиятсиз якунланган эди.  Прототипларнинг деярли барча тестлари муваффақиятсиз тугаган. 2019 йил ноябрь ойида Starship Мk1 герметика синови вақтида портлаган, 2020 йил февралида Starship CN1 суюқ азот билан тўлдирилиш вақтида бўлиниб кетган. Баҳорда Starship CN3 ва CN4 ҳам учишдан кейин портлаган. Прототиплардан яна бири суюқ азот билан тўлдирилаётган пайтида портлаган, иккинчиси эса ёнилғи сизиб чиқиши оқибатида портлаган. Ўшанда Маск муваффақиятсизликларни инсон омили билан изоҳлаган.

Маскнинг ғояси бўйича Starship келажакда Ойдан Марсга юкларни етказиб бериб, Ерга қайтади.