Асл исми Дэвид Корнуэлл бўлган британиялик ёзувчи Жон ле Карре 90 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.

Фото: Lifehacker

Ёзувчининг ўлимига COVID-19 билан боғлиқ бўлмаган қисқа муддатли касаллик сабаб бўлган. Оила аъзолари томонидан эса унинг пневмония билан касалланганига аниқлик киритилган.

Жон ле Карре дунёнинг 36 тилига таржима қилинган йигирмадан ортиқ жосуслик романларининг муаллифи. Корнуэлл 1931 йилда Дорсет графлигидаги Пул шаҳрида туғилган. У Берн ва Оксфорд университетларида таҳсил олган. 1950 йилларнинг охирларида эса Британиянинг МИ-5 ва МИ-6 разведка хизматлари билан ҳамкорлик қилган.

Маълумот учун, 1961 йилда ёзувчининг «Ўликларга қўнғироқ» деб номланган илк романи нашр этилган. Унинг асарлари орасида «Совуқдан келган жосус» (1963), «Айғоқчи, ташқарига чиқ» (1974) «Кичкина барабанчи» (1983), «Худди биз каби хоин» (2010) кабилари машҳурликка эришган. Ёзувчининг «Дала агенти» номли сўнгги китоби 2019 йил октябрь ойида нашр этилган. Шунингдек, унинг романлари асосида кўплаб фильм ва сериаллар ҳам суратга олинган.