Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида яшовчи 15 ёшли вояга етмаган Х.А. (қиз) ўгай онаси унга ёмон муносабатда бўлиб, кўп ҳолларда доимий руҳий босим ўтказгани, енгил жароҳатлар билан калтаклаб келаётгани тўғрисида видеомурожаат қилиб чиқди. Ҳолат юзасидан шаҳар ҳокимлиги муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Х.А.нинг бувиси Р.М. Ширин шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, Х.А.нинг ўгай онаси Н.З. уни уриб, тан жароҳати етказганлиги учун қонуний чора кўрилишини сўраган.

Маҳалла тизими ходимлари билан суҳбатда Н.З. ўгай қизини уй юмушларида айтганларини қилмаганлиги учун «тарбиялаганини» иддао қилган.

Маълум қилинишича, суд томонидан ишни кўриш вақтига келиб, вояга етмаган Х.А. кўрсатмаларини ўзгартириб, ўгай онаси мунтазам равишда қийнаб ва уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилганини баён этганлиги бўйича мурожаат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Ширин шаҳар прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилган.

Ҳолат юзасидан Ширин шаҳар ИИБ томонидан Н.З.га нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) ва 110-моддалари (қийнаш) билан айблов эълон қилиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода 7 ёшли қизалоқни қийноққа солиб, унинг қўли ва юзларини куйдирган эр-хотинга суд ҳукми ўқилгани, Тошкентда ўз хотинига боласининг ахлатини едирган эркак 3 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳамда Сергелида бир аёлни қийнаб, уни таҳқирлаган 3 нафар аёл қамоққа олингани ҳақида хабар берилганди.