Telegram мессенжери маъмурияти 2021 йилдан бошлаб ундан даромад олишга киришади. Бу ҳақда мессенжернинг асосчиси Павел Дуров маълум қилди, деб ёзади Meduza.

Фото: EPA

Дуровнинг сўзларига кўра, у узоқ вақт давомида мессенжернинг харажатларини ўз жамғармаларидан тўлаб келган, лекин энди чиқимлар жуда кўпайиб кетган, шу сабабли компания олдида «фақат иккита йўл бор — харажатларни қоплаш учун пул ишлаб топишни бошлаш ёки йирикроқ ўйинчига сотилиш».

Дуровнинг таъкидлашича, сотиш йўли у учун номақбул, шунинг учун даромад олиш варианти танланган, бу эътиборни тортмайдиган бўлади ва аксарият фойдаланувчилар ўзгаришларни сезмайди. Компания пабликларда реклама намойишини тизимлаштириш орқали даромад олишни кўзламоқда.

«Кўплаб мамлакатларда бундай каналлар эгалари ўз обуначиларига реклама кўрсатиш орқасидан, баъзан бошқа реклама платформалари орқали пул ишлайди. Улар чоп этадиган реклама эълонлари оддий хабарлар каби кўринади ва кўпинча эътиборни жалб қилади. Шу сабабдан биз каналлар учун ўз реклама платформамизни таклиф қиламиз, у фойдаланувчилар учун қулайлик ва махфийликни таъминлайди, бизга эса серверлар ва трафик харажатларини қоплаш имконини беради», — деб ёзди Павел Дуров.

Дуровнинг қайд этишича, мессенжер «кенг эҳтиёжларга эга бизнес-жамоалар ва фойдаланувчилар учун қўшимча функциялар»ни таклиф қилиш орқали ҳам пул ишлаб топади. Telegram асосчиси таъкидлашича, оддий фойдаланувчилар учун жорий сервисларнинг барчаси бепул бўлиб қолади ва шахсий хабарлар ва гуруҳларда реклама бўлмайди.

2018 йилда Дуров Gram криптовалютасига эга ТОН блокчейн-платформасини ишга тушириш режалари ҳақида эълон қилган эди — ушбу ишланма учун Telegram 1,7 миллиард доллар инвестиция жалб қилди. 2020 йилда АҚШ қимматли қоғозлар комиссияси Gram’ни чиқаришни тақиқлаб қўйгач, лойиҳадан воз кечишга тўғри келди.