Янги йил арафасида байрам шукуҳини улашадиган энг яхши ва машҳур қўшиқларни тавсия қиламиз.

Фото: The Guardian

АBBА гуруҳи «Happy New Year»

Янги йил байрамини афсонавий швед гуруҳи АBBA’нинг «New year» номли қўшиғисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Байрам шукуҳини бахш этадиган қўшиқ илк бор 1980 йилда ижро қилинган бўлиб, бир зумда мухлислар қалбидан жой олишга муваффақ бўлган. Шундан кейин бошқа ижодкорлар ҳам ўз талқинига кўра куйлаган. Ҳар бир ижрода алоҳида ўзига хослик мужассам эканига қарамай, айнан 1980 йилдаги версия энг машҳури ҳисобланади.

Wham! «Last Christmas»

«Last Christmas» қишки байрамга мос ва хос бўлган яна бир классик қўшиқ ҳисобланади. Бошқа хонандалар томонидан бир неча марта қайта куйланганига қарамай, муаллифлари Жорж Майкл ва Эндрю Рижли томонидан куйлангани ҳали ҳамон хит саналади.

Жуди Гарленд «Have yourself a merry little Christmas»

Жуди Гарленднинг 1944 йилда тақдим қилган «Have yourself a merry little Christmas» қўшиғи Янги йил кайфиятининг рамзига айланган. «Сент Луисда мени кутиб ол» фильми учун куйланган композиция кўп ўтмай машҳурликка эришган ва афсонавий ижодкорлар Уитни Хюстон, Боб Дилан ва Фрэнк Синатра томонидан ҳам қайта куйланган.

Мариа Каррей «All I want for Christmas is you»

Янги йил базм ва зиёфатларини ушбу қўшиқсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Байрамона кайфият бахш этади, меҳмон ва иштирокчилар бирга қўшилиб хиргойи қиладиган қўшиқ учун хонанда яқиндагини янги қишки мўъжизаларни ўзида мужассам этган клип ишлади.

Боббй Ҳелмс «Jingle bell rock»

Байрамга хос бўлган энг машҳур қўшиқлардан бири 1957 йилдаги Рождество байрамидан икки кун аввал мухлислар эътиборига ҳавола қилинган. Биринчи марта Бобби Хелмс томонидан куйланган қўшиқсиз Янги йил ва Рождество байрамларини тасаввур қилиб бўлмайди.

Бренда Ли «Rocking around the Christmas tree»

«Уйда ёлғиз» фильмидан яхши таниш бўлган композиция биринчи марта 1958 йилда америкалик хонанда Бренда Ли томонидан ижро қилинган. Ушбу қўшиқнинг бошқа ижрочилар томонидан куйланган версиялар кўп эканига қарамай, байрам шукуҳини ҳис қилишга ёрдам берадиган оригиналини тинглаш тавсия қилинади.