Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 31 декабрь куни Pfizer ва BioNTech томонидан биргаликда ишлаб чиқарилган вакцинадан фойдаланишни расман тасдиқлади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Pfizer

«COVID-19 учун Pfizer/BioNTech вакцинаси бугунги кунда эпидемия бошланганидан бери фавқулодда вазиятда фойдаланиш учун ЖССТ томонидан тасдиқланган биринчи вакцина», – дейилади ташкилот хабарида.

ЖССТ таъкидлашича, савдо номи Comirnaty бўлган вакцинани ташкилот томонидан тасдиқланиши мамлакатларда тартибга солиш ишларини тезлаштиришга ва вакциналарни олиб кириш ҳамда эмлаш кампанияларини ўтказишга имкон беради.

«Шунингдек, бу ЮНИСЕФ ва Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилотига муҳтож мамлакатлар учун вакцина сотиб олишга имкон беради», – дейилади хабарда.

Ташкилот мутахассислари Pfizer/BioNTech вакцинасининг хавфсизлиги, самарадорлиги ва сифати тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиб, ЖССТнинг барча мезонларига жавоб беради, деган хулосага келди ва уни қўллашнинг фойдаси потенциал хавфдан юқори экани таъкидланди.

ЖССТнинг таъкидлашича, вакцинация бўйича экспертлар маслаҳат гуруҳи (SAGE) 5 январь куни йиғилиб, вакциналар бўйича ўзига хос сиёсатни ишлаб чиқади ва улардан фойдаланиш бўйича аҳолига тавсиялар беради.

Европа Комиссияси томонидан аллақачон Pfizer/BioNTech вакцинаси маъқулланган. Мамлакатлардан биринчи бўлиб Буюк Британия ушбу вакцинадан фойдаланишни маъқуллади. Бундан ташқари, АҚШБаҳрайнМексикаКанадаШвейцария ва Францияда ҳам бу вакцинадан фойдаланиш тасдиқланди.

Ушбу вакцина билан оммавий эмлаш Европа Иттифоқида 27 декабрда бошланди. Хусусан, Бельгия, Франция, Германия, Италия, Нидерландия, Испания, Люксембург ва Швейцария эмлаш кампанияларининг оптимал жадвалларини ишлаб чиқиш бўйича ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришга келишиб олди.

Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон Pfizer компанияси билан битим имзолади.

Аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нурмат Отабеков Ўзбекистон фақат ЖССТ тан олган вакциналарни харид қилишини маълум қилганди.