Ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходимлари ва бир гуруҳ фуқаролар ўртасида юз берган можаро видеоси тарқалди. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) матбуот хизмати хабарига кўра, воқеа 1 январга ўтар кечаси соат 4:00 атрофида Тошкентнинг Қатортол кўчасида содир бўлган.

Видеода ички ишлар органларига тегишли хизмат автомобили фуқаронинг Matiz’ини Қатортол—Чўпонота кўчалари кесишмаси яқинидаги эски қабристон деворига сиқиб қўйганини ва шу жойда жанжал бўлаётганини кўриш мумкин. Шу вақт йўл-патруль хизмати (ЙПХ)нинг янги намунадаги либосида бўлган ходим югуриб чиқиб, пиёдалар йўлагида кетаётган фуқарони ура бошлаган.

Фуқаро бунга жавобан ЙПХ ходимига қарши куч ишлатган, бу орада муштлашувга бошқа фуқаролар ва патруль-пост хизмати (ППХ) ходими ҳам қўшилган; можаро давомида ППХ ходими калтак еган ва шундан сўнг ўқотар қуролига ёпишиб, фуқароларга қарши ишлатмоқчи бўлган, бироқ уни ёнидаги ЙПХ ходими: «Тўхтанг! Отманг», деб бу ниятидан қайтарган.

ЙҲХББ матбуот хизматининг аниқлик киритишича, можаро Matiz ҳайдовчиси Муқимий кўчасида ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмай, қочганидан бошланган. Бош бошқарманинг алоҳида қайд этишича, Matiz Қатортол кўчасида бошқарувни йўқотиб, бетон тўсиқ (бордюр) устига чиқиб тўхтаган.

«Машинада бўлган тўрт фуқаро ҳодиса жойига етиб келган ЙПХ ва ППХ ходимларининг қонуний талабларини бажармай, ўткир тиғли жисмлар билан қаршилик кўрсатган. Фуқаролардан бири ушланиб, Чилонзор ИИБга олиб келинган, қолган уч нафари ҳодиса жойидан яширинган», — дейилади ЙҲХББ ахборотида.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда ҳодисада қатнашган барча фуқаролар шахсига аниқлик киритилган, Чилонзор прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 227-моддаси 3-қисми «г» банди (жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ИИВ ЙҲХББнинг ахборотида ЙПХ ходими нима учун пиёдалар йўлкасидан кетаётган фуқарога ташланиб, уни урганига аниқлик киритилмаган. Шунингдек, ППХ ходимининг ўқотар қуролдан фойдаланишга урингани ҳолатига ҳам баҳо берилмаган.