Ижтимоий тармоқда 2020 йилнинг 4 январь куни «Ҳайдовчи ЙПХ ходимини машина капотида судраб кетди» сарлавҳаси остидаги видеолавҳа тарқалди. Воқеа юзасидан ЙҲХББ маълумот берди.

Фото: Ижтимоий тармоқ

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 4 январь куни соат 10:15 ларда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Шаҳрисабз ва Ўзбекистон овози кўчалари кесишган чорраҳада, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходими Й.Қосимхўжаев Nexia русумли, 01 О 412 JB давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчиси йўл белгисига амал қилмасдан ортга қайрилиб олган вақтида тўхташ ишорасини берган.

Ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний талабини бажармасдан ҳаракатини давом эттирган. Миробод тумани, А.Темур ва С.Азимов кўчалари кесишган чорраҳада қоидабузар ҳайдовчи уни тўхтатишга уринган ЙПХ ходимининг устига автомобилини бошқарган ва ходим автомобиль капоти устида осилиб қолган ҳолатда 10–20 метр масофага ҳаракатланган.

Кўрилган тезкор чоралар натижасида транспорт воситаси тўхтатилган.

Ҳайдовчи, 1993 йилда туғилган Б.I.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135- (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) ва 194-моддалари (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан баённома тузилиб, автомобиль ушбу кодекснинг 291-моддаси тартибида вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.

Ҳозирда қўшимча суриштирув ишлари давом этмоқда.

Аввалроқ Қатортолда калтак еган ППХ ходими фуқарога қарши ўқотар қурол ишлатмоқчи бўлгани, Тошкентда метро рельсига ўзини ташлаган маст аёл воқеаси юзасидан ИИВ маълумот бергани ҳамда Тошкентда маст ҳолда жамоат тартибини бузган ички ишлар органи ходими лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилганди.