PostNord почта компанияси 18 ёшли экофаол Грета Тунберг шарафига почта маркаси чиқарди, дея хабар бермоқда Meduza.

Фото: PostNord

Почта маркасида сариқ камзулда қалдирғочларга қараб турган Грета тасвирланган.

Грета Тунберг тасвирланган марка атроф-муҳит ва экологияга бағишланган Vardefull Natur (Қимматбаҳо табиат) тўпламига киритилган. Почта маркалари учун расмларни рассом Хеннинг Троллбек чизган.

Маркалар 14 январда сотувга чиқарилади. Марка нархи 12 швед кронасини ташкил этади.

Маълумот учун, Грета Тунберг 2018 йилда Швеция парламенти биноси ёнида ҳар жума куни норозилик намойиши ўтказишни бошлаган ва ҳукуматдан иқлимни асраш бўйича чора-тадбирлар ўтказишни талаб қилганидан сўнг машҳур бўлганди. 2019 йилнинг ёзида Тунберг ўқишдан танаффус қилишга қарор қилди. Бир йилдан сўнг у мактабга қайтди.

Тунберг 2019 йилда Нью-Йоркда БМТнинг иқлим саммитида нутқ сўзлаган. Шунингдек, 2019 йил охирида Time журнали швециялик ўсмир қизни «Йил одами» деб эътироф этган.