Американинг Coalition for a Safer Web (Хавфсиз интернет коалицияси) нотижорат ташкилоти Apple корпорациясини судга бериб, App Store дастурлар дўконидан Telegram иловасини ўчириб ташлашни талаб қилди. Бу ҳақда The Washington Post хабар берди, деб ёзади Meduza.

Фото: «Politros.com»

Даъво ташкилот ва унинг президенти Марк Гинсберг номидан берилган. Даъвогарлар таъкидлашича, Telegram’да антисемитизм, ирқчилик ва неонатсизм мазмунидаги контент тарқалмоқда, бу App Store’нинг дастурлар учун қоидаларига зиддир.

Миллати яҳудий бўлган Гинсберг даъвода қайд этишича, Telegram’даги антисемитизм руҳидаги контент у учун хавф туғдирмоқда, шу муносабат билан у Apple’ни судга бериш ҳуқуқига эга, чунки у iPhone эгаси ҳам ҳисобланади.

Даъвогарлар иддао қилишича, Telegram, хусусан, Капитолийга уюштирилган шиддатли ҳужумдан кейин экстремистик руҳдаги фикрлар ёзилиши олдини олмаган. «Telegram ҳатто Parler’га нисбатан ҳам нафратни авж олдирувчи гаплар тарқатувчиси сифатида ажралиб турибди», — деб ҳисоблайди Гинсберг.

Coalition for a Safer Web Telegram’ни дастурлар дўконидан ўчириб ташлашни талаб қилиб, Google корпорациясига ҳам қарши судга даъво бермоқчи.

Амалдаги АҚШ президенти Дональд Трампнинг тарафдорлари Капитолийга ҳужум уюштирганидан кейин Apple ва Google ўз дастурлар дўконларидан Трамп тарафдорлари орасида оммабоп бўлган Parler ижтимоий тармоғини ўчириб ташлади. Ижтимоий тармоққа хостинг хизматларини тақдим этувчи Amazon у ўз серверларидан узилганини эълон қилди.

Шундан кейин Parler фойдаланувчилари бошқа ижтимоий тармоқларга, шу жумладан, Telegram’га ҳам ўта бошлади, у ерда аввал ҳам ўта ўнг мафкура тарафдорлари мулоқот қилар эди. Илгари Telegram ИШИД тарафдорларининг ҳам асосий майдони бўлган, аммо 2019 йилда ижтимоий тармоқ Евроиттифоқ полиция хизмати билан ҳамкорликда ИШИДнинг минглаб каналларини блоклаб ташлади.