Ўзбекистонга АҚШ ва Германия компанияси ишлаб чиқарган коронавирусга қарши вакцина келтирилади. ССВ матбуот хизмтининг хабар беришича, бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев маълум қилди.

Фото: Pfizer

Хабарда айтилишича, GAVI («Эмлаш ва иммунизация бўйича глобал альянс») ташкилоти томонидан Ўзбекистон COVAX (Коронавирус инфекциясига қарши эмлаш механизми)га аъзо давлатлар қаторига киритилганлиги маълум қилинган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан COVID-19’га қарши вакцинани амалиётга киритиш учун мамлакатимиз аҳолисининг 20 фоизи миқдорида буюртма тайёрланиб, COVAX фондига юборилди. Ҳозирда GAVI ташкилоти билан ҳамкорликда Американинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши Comirnaty вакцинасини Ўзбекистонга 100 минг доза миқдорида олиб келиниши бўйича ишлар олиб борилмоқда», — деган Баҳодир Юсупалиев.

Унинг таъкидлашича, Pfizer/Biotech вакцинасини юқори совуқлик занжирига жиддий риоя этган ҳолда 70 даража совуқ ҳароратда сақлаш талаб этилади. Ўзбекистонда 70 даража совуқ ҳароратни сақлайдиган музлатгичлар мавжуд ва ҳозирги кунда коронавирусга қарши эмлаш жараёнини пухта режалаштириш ва тиббиёт ходимларини махсус хавфсиз иммунизация шартлари бўйича тайёргарликдан ўтказиш, айниқса, вакцинатор, реаниматологлар ва бошқа тиббиёт ходимларини тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди.

«Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юртимизда 2—8 даража ҳароратга мўлжалланган совуқлик занжири инфратузилмаси мавжуд бўлиб, бу тизим ЖССТнинг барча талабларига жавоб беради ва хавфсиз эмлаш амалиётини кафолатлайди.

Эмлаш жараёнига тайёргарлик кўриш мақсадида GAVI ташкилоти томонидан 17 та катта ҳажмдаги рефрижератор ва 206 та юк ташувчи минивэн автотранспорт воситаси тақдим этилиб, юртимизнинг ҳар бир ҳудуди ва туманига етказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — деган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи.

Аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нурмат Отабеков Халқаро пресс-клуб сессиясида Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тасдиқлаган вакциналарни сотиб олиши ҳақида маълум қилганди.

«Қайси вакцинани харид қиламиз? Албатта, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тан олган ва самарадорлиги исботланган вакциналар Ўзбекистон томонидан харид қилинади. Харид қилинишидан аввал тендер ўтказилади. Қайси вакцина сифатли бўлса, самарадор деб баҳоланган бўлса, ўша вакцина харид қилинади», — деган эди Нурмат Отабеков.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирча ЖССТ фақатгина Pfizer ҳамда BioNTech компаниялари ишлаб чиқарган вакцинани фойдаланиш учун маъқуллаган.

Ўзбекистон, шунингдек, 70 миллион доза Россия вакцинасини сотиб олиши ҳам маълум бўлганди. Россияда Гамалея институти коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқарган. Ҳозирда вакцинадан фавқулодда фойдаланишни Россиядан ташқари Аргентина маъқуллаган.