Telegram асосчиси Павел Дуров 18 январь куни ўз каналида ўтган бир ҳафта ичида мессенжер администраторлари АҚШда зўравонликка қаратилган юзлаб даъватларни блоклаб қўйганини маълум қилди, деб ёзади Meduza.

Фото: «Сев.тв»

Дуровнинг таъкидлашича, Telegram «тинч мунозаралар ва норозиликларни маъқуллайди», аммо зўравонликка даъватларга доим қарши бўлиб келган — бу платформ қоидалари билан тақиқланган. Унинг қўшимча қилишича, Telegram жамоаси «фойдаланувчилардан келган хабарларни кўриб чиқишда давом этмоқда, шунингдек, тўғридан-тўғри зўравонликка ундовчи контентни фаол равишда ўчирмоқда».

Telegram асосчиси қонунга зид контент ҳақида хабар берган фойдаланувчиларга миннатдорлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Американинг Coalition for a Safer Web (Хавфсиз интернет коалицияси) нотижорат ташкилоти Apple корпорациясини судга бериб, App Store дастурлар дўконидан Telegram иловасини ўчириб ташлашни талаб қилди. Даъвогарлар таъкидлашича, Telegram’да антисемитизм, ирқчилик ва неонатсизм мазмунидаги контент тарқалмоқда, бу App Store’нинг дастурлар учун қоидаларига зиддир. Павел Дуров бу даъвони тўғридан-тўғри изоҳламади.

Амалдаги АҚШ президенти Дональд Трампнинг тарафдорлари Капитолийга ҳужум уюштирганидан кейин Apple ва Google ўз дастурлар дўконларидан Трамп тарафдорлари орасида оммабоп бўлган Parler ижтимоий тармоғини ўчириб ташлади. Ижтимоий тармоққа хостинг хизматларини тақдим этувчи Amazon у ўз серверларидан узилганини эълон қилди. Шундан кейин Parler фойдаланувчилари бошқа ижтимоий тармоқларга, шу жумладан, Telegram’га ҳам ўта бошлади.