Ўзбекистонда февраль ойининг охири, март ойининг бошида коронавирусга қарши вакцинация жараёни бошланиши мумкин. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Ботир Қурбонов «Замон» дастурига берган интервьюсида маълум қилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Унинг сўзларига кўра, 2021 йилнинг 8 январида Ўзбекистон аҳолисининг 20 фоизига етарли миқдорда биринчи буюртма берилган. ЖССТ қўллашга рухсат берган Pfizer ҳамда BioNTech корхоналари томонидан ишлаб чиқилган вакцинани Ўзбекистонда ҳам эмлаш жараёнига жалб қилиш учун 100 минг дозага расман буюртма берилган.

«Республикамизнинг барча аҳолисини эмлаш тадбирлари билан қамраб олиш режалаштирилган. Америкада ишлаб чиқилган вакцинадан 100 минг доза буюртма қилинган. Кейинги навбатда ЖССТ томонидан тавсия этилган вакциналар босқичма-босқич сотиб олиниб, юртдошларимизни эмлаш бошланади.

Pfizer ва BioNTech вакцинаси билан эмлаш тадбирлари февраль ойи охири, март ойи бошларида бошланади», — деган у. Ушбу вакцина билан биринчи галда шифокорлар ва кексалар эмланади.

Ботиржон Қурбоновнинг маълум қилишича, ҳозирда Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида Pfizer-BioNTech вакцинасини 70 даража совуқда сақлаш имконини берадиган музлатгичлар ҳозирлаб қўйилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда айни вақтда Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан яратилган ЗФ 2001 рекомбинант вакцинасининг синовлари давом этмоқда. Шунингдек, Россиянинг «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режаси ҳам мавжуд. Умуман, Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилаётгани ҳақида 2020 йилнинг ноябрида маълум бўлганди.