Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 22 январь куни ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида Бухоро бошқа вилоятлардан 10 йил орқада қолаётганини айтиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларига тўхталиб ўтганди.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

«Kun.uz»нинг ёзишича, Президент ижтимоий-иқтисодий соҳалар қаторида қишлоқ хўжалигига ҳам эътибор қаратган. Қишлоқ хўжалиги орқада эканлиги ва давлат раҳбарини мутлақо қониқтирмаслигини таъкидланган. Йиғилишда соҳага масъул бўлган мансабдор шахслар огоҳлантирилган.

«Қишлоқ хўжалигимиз жуда орқада. Шахсан мени мутлақо қониқтирмайди. Бухоро қишлоқ хўжалигида сувни икки баробар кўп ишлатяпти. Бу сув қанча меҳнат билан етиб келаётганини биласизларми? Жуда кўп электр энергияси сарфлаяпмиз.Сувни тежашни қачон ўрганамиз? Томчилатиб суғоришни қачон кенгайтирамиз? Мен Хўжаевни [qishloq xo‘jaligi vaziri Jamshid Xo‘jayev — tahr.] қаттиқ огоҳлантирдим. Агар эплай олмаса ишдан оламан. Яқинда икки вазирни ишдан олдим, буни ҳам оламан», — деган Президент.

Давлат раҳбари сентябрь охирларида бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган Шуҳрат Ғаниевни ҳам огоҳлантирган.

«Қишлоқ хўжалигимиз ҳам қониқтирмайди. Ҳалигача собиқ иттифоқ услубида ишлаяпмиз. Мен 1993 йилда Европага борганимда кўрганман, тупроққа тушадиган ҳар бир томчи сув, ҳар грамм ўғитнинг аниқ ҳисоб-китоби бор. Биз қачон ҳосилдорликни, даромадни кўпайтирамиз?! Ғаниевни [bosh vazirning agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari bo‘yicha o‘rinbosari Shuhrat G‘aniyev — tahr.] ҳам огоҳлантирдим, тизимни тўғри йўлга қўймаса, ишдан кетади», — деган Шавкат Мирзиёев.

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, Президент 15 январь куни Юнусобод маҳаллалари фаоллари ва ёшлар билан учрашувда, раҳбарлар «аравани тортмаса, кетиши керак» деб айтган. Давлат раҳбари 10 кун ичида икки вазирнинг (уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Солиев ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов) ишдан олганини, қолаверса, бир қанча вазир ўринбосарлари — сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари — Баҳодир Рўзибоев, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарлари Саидкамол Ходжаев ва Ботиржон Сулаймонов, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ўктам Саломов, транспорт вазири ўринбосари Даврон Деҳқоновнинг лавозимидан озод қилинганини таъкидлаган.

Бундан ташқари, йиғилиш давомида Президент бош вазирнинг икки ўринбосари «охирги ҳайфсан билан зўрға ишда қолган»ини ҳам маълум қилганди. Ўшанда ким ҳақида гап бораётганига аниқлик киритилмаган.