1969 йил 22 январда КПСС Марказий Қўмитаси бош котиби Леонид Брежневнинг ҳаётига суиқасд уюштирилди. Шу куни Москвада «Союз-4» ва «Союз-5» космик кемаларининг фазогирлари билан бўладиган тантанали учрашувга тайёргарлик кўрилаётганди. Кортеждаги машиналар Кремлга кираётганда уларни Совет армиясининг кичик лейтенанти Виктор Ильин ўққа тутди. Бу СССР бош котиби Брежнев ҳаётига қарши уюштирилган энг машҳур суиқасд эди. «Дарё» мазкур суиқасд ҳақида ҳикоя қилади. 

Армиядан қочган офицер

1969 йил 20 январдан 21 январга ўтар кечаси, Ломоносов шаҳридаги 61-геодезия ҳарбий отрядида хизмат қилаёган офицер Виктор Ильин навбатчи ёрдамчиси сифатида ўз хизматини бошлади. Эрталаб, унинг бошлиғи нонушта қилиш учун кетганида, у иккита Макаров тўппончаси ва тўртта ўқдонни ўғирлаб, бўлимдан рухсатсиз чиқиб кетади.

Фото: Google Photos

Ильин олдиндан сотиб олинган чипта билан Москвага учиб кетди. У қуролларни аэропорт ҳавфсизлик тизимидан муваффақиятли олиб ўтган. Пойтахтга етиб келган Виктор «Союз-4» ва «Союз-5» космик кемаларининг фазогирлари билан учрашувни томоша қилиш учун келганини айтиб, собиқ милициячи амакисининг уйида тунайди.

Союз кемалари

1969 йил 16 январда ушбу «Союзлар» дунёда биринчи бўлиб иккита бошқариладиган космик кемани боғлаган. Натижада, орбитада биринчи марта тўртта космонавтдан иборат бўлган (В.Шаталов, Б.Волинов, А.Елисеев, Э.Хрунов) экспериментал космик станция яратилди. Минглаб одамлар Москва кўчаларига чиқиб, қаҳрамон космонавтларни кутиб олишга ошиқарди.

Ўқ овозлари

22 январь куни эрталаб амакисининг милиция формасини олган Ильин унинг квартирасидан чиқиб кетди. У хотиржамлик билан Боровицкий дарвозаси ёнидаги полиция қуршовига қўшилди ва иккита взводнинг туташган ерига жойлашди, шунинг учун нотаниш «милиционер»нинг мавжудлиги қўриқчиларда шубҳа уйғотмади. Ўзи билан олиб келган тўппончаларни пальтосининг енгларига яширди. Тахминан соат 14:15 да ҳукумат автокарвони дарвозадан кириб келди. Ушбу маросим мамлакат бўйлаб жонли эфирда намойиш этилган. Томоша тўсатдан тўхтатилди. Одамлар ўқ овозларини эшитди...

Фото: Google Photos

Натижа

Қаҳрамон космонавтлар биринчида кетаётган усти очиқ автомашинада эди, улар қўлларини кўтариб, йиғилган одамларни қутлаб борарди. Ильинга улар қизиқ эмасди, у иккинчи машинани кутарди. Чунки Брежнев доим кортежидаги иккинчи машинада ўтирган деб ишонган. Бу сафар, турли хил манбаларга кўра, Брежневнинг машинаси кортежнинг охирида бўлган ёки у машиналарда умуман йўқ эди.

Ильин иккинчи автомашинага қарата 11 марта ўқ узди. У иккита пистолетдан бараварига ўқ узганди. Асосий эътиборни машинанинг олд ойнасига қаратган. Бироқ ЗИЛ-111Г автомашинасида СССР раҳбари эмас, балки тантанали йиғилиш иштирокчилари бўлган космонавтлар: А.Леонов, А.Николаев, В.Терешкова ва Г.Береговойлар бор эди. Шу билан бирга, ташқи кўринишидан Брежневга ўхшаб кетадиган космонавт Г.Береговой ҳайдовчининг ёнида ўтирган эди. Бу ҳолатга чалғиган Ильин нишонни аниқ олдим деб ўйлади. Суиқасд оқибатида ҳайдовчи Илья Жарков ҳалок бўлган. Космонавтлар эса омон қолди. Береговой сачраган шиша парчаларидан жароҳат олди, Николаевга ўқ озгина тегиб ўтди. Шу билан бирга, Береговой автомобилни бошқаришни ўз қўлига олишга муваффақ бўлди ва уни тўхтатди. Хавфсизлик хизматининг мотоциклчиси В. Зацепилов ҳам яраланган. У мотоциклни қотилга қаратиб ҳайдаган ва унинг ўт очиш секторини тўсиб қўйган (бошқа маълумотларга кўра, у Ильинни мотоцикл билан уриб юборган). Шундан сўнг, кичик лейтенант Ильин ҳибсга олинган.

Фото: Google Photos

Халқдан маълумот яшириш мамлакати

Орадан бир кун ўтиб, «Известия» ва «Правда» газеталари «ТАСС»нинг қисқа хабарини чоп этишди: «Космонавтларнинг тантанали йиғилиши пайтида Леонов, Николаев, Терешкова ва Береговой бўлган машинага ўқ отилди. Автомобиль ҳайдовчиси ва унга ҳамроҳ бўлган мотоциклчи жароҳат олди. Космик тадқиқотчиларнинг ҳеч бири зарар кўрмади. Отишма содир этган шахс ушланди, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда». Ғарб ОАВлари эса дарҳол бу бош котиб Брежневнинг ҳаётига қилинган суиқасд эканини эълон қилишди.

Ильин Жиноят кодексининг бешта моддаси билан айбланиб, расман космонавт учувчиларнинг ҳаётига суиқасд қилганликда айбланди. Тергов давомида жиноят содир этиш сабаблари орасида шахсий ва сиёсий сабабларнинг аралашмаси аниқланди: ҳаётдаги муаммолардан тортиб, то демократик ўзгаришларга интилишгача. У ақлдан озган деб топилиб, ихтисослаштирилган психиатрия касалхонасига ётқизилган. Ильин 1990 йилдагина озодликка чиқди.

Озроқ конспирология

Воқеа ҳақида конспирологик қарашлар ҳам илгари сурилган. Махфий хизматлар Ильинни ҳокимият олдида ўзини кўрсатиш учун ўзлари ёллашган деган версиялар ҳам мавжуд. Яна, бу воқеа КГБ ичидаги кураш билан боғлиқ бўлган, деган қарашлар ҳам илгари сурилган. 21 январь куни бўлинма қўмондонлиги офицернинг қурол билан ғойиб бўлгани ҳақида тегишли органларга хабар берган. Ильин Москвага учаётгани ҳам маълум бўлган. Эртаси куни Ильиннинг амакиси жияни формасини ўғирлаб кетгани ва Кремлга бориши ҳақида ҳам хабар берган. Бироқ, ушбу маълумотларга ва ҳибсга олишга ёрдам берадиган бошқа омилларга қарамай, Ильин тўхтатилмади. Шу билан бирга, Брежнев ҳам хавф остидан чиқарилди, бош котиб бошқа машинага кўчирилди ва унинг машинаси ўрнини космонавтлар бўлган машина эгаллади. Жуда сирли воқеалар ривожи...

Брежневга нисбатан бошқа суиқасдлар

Шундан кейин Совет Иттифоқида Брежневга нисбатан бошқа суиқасд бўлмади. Аммо уни чет элда йўқ қилишга уринишлар бўлган. Леонид Ильич СССР КПСС Марказий комитети бош Котиби бўлишдан олдин ҳам хавфли ҳодисаларни бошидан кечирган. 1961 йил февраль ойида Брежнев расмий ташриф билан Гвинея Республикасига борди. Жазоир осмонида учиб кетаётган Брежнев самолётининг ёнида ҳарбий самолётлар (эҳтимол французларники) пайдо бўлди, улар хавфли маневр қилишни бошладилар ва Совет самолётига қарата икки марта ўқ уздилар. Франция эски мустамлакачи давлат эди ва СССР’нинг француз собиқ мустамлакаларидаги фаолиятига тўсқинлик қилишни истарди.

1977 йил ёзида эса Леонид Ильич Парижга ташриф буюриши ва Франция президенти Валерий Жискар д’Эстен билан музокаралар ўтказиши керак эди. СССР давлат хавфсизлик органлари амалга оширилиши мумкин бўлган суиқасд ҳақида маълумот олишди. Олинган оператив маълумотларга кўра, снайпер Брежневни Ғалаба аркаси ёнидаги Мангу оловга гулчамбар қўйиш пайтида ўлдириши керак эди. Вазият хавфли эди: шу пайтгача Франциядаги экстремистлар президент де Голлнинг ҳаётига бир неча бор суиқасд қилишган. Совет ва француз махсус хизматлари эҳтиёт чораларини кўрди. Биргина Ғалаба аркига олиб борадиган кўчаларда 12 минг полициячи ва 6 минг ўт ўчирувчи тўпланган. Натижада, суиқасдга уринишнинг олди олинди. Брежнев 1977 йил 21 июнда хотиржамлик билан абадий оловга гул қўйди ва музокаралардан сўнг ўз ватанига қайтди.

1978 йил май ойида Брежнев Германия Федератив Республикасига ташриф буюрди. Давлат хавфсизлик қўмитаси канцлер Ҳельмут Шмидт билан Аугсбург қалъасида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг содир бўлиши керак бўлган суиқасд ҳаракати тўғрисида хабардор бўлди. СССР етакчиси фавқулодда кириш йўли орқали олиб кетилди, бу эҳтиёткорлик балки ўшанда суиқасднинг олдини олган бўлса не ажаб.

Давлат раҳбарларига қарши суиқасдлар тарихда жуда кўп учрайди. Уларнинг энг машҳури эса шубҳасиз АҚШ президенти Жон Кеннедининг ўлдирилиши эди. Аммо бу энди умуман бошқа ҳикоя.

Нурбек Алимов тайёрлади