Туркманистон президенти коронавирусга қарши мамлакатда аввал рўйхатдан ўтказилган Россиянинг «Спутник V» вакцинасидан ташқари бошқа давлат вакциналарини ҳам рўйхатдан ўтказишга кўрсатма берди. Бу ҳақда «Нейтрал Туркманистон» газетаси маълумотига таяниб, «Интерфакс» хабар бермоқда.

Фото: Gezilecekerlar

Газета хабарига кўра, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мазкур қадамни 2021 йилда Ашхободга халқаро мусобақаларда қатнашиш учун келадиган чет эллик спортчиларга танлов бериш зарурлиги билан изоҳлади.

Давлат раҳбари 20 январь куни 2021 йилги велотрек бўйича жаҳон чемпионати ва Дэвис Кубоги учун теннис бўйича халқаро турнирнинг саралаш учрашувлари бўлиб ўтадиган Олимпия шаҳарчасига ташрифи чоғида тегишли кўрсатмалар берди.

Туркманистон соғлиқни сақлаш ва тиббий саноат вазири Нурмуҳаммед Аманнепесов хорижлик спортчилар юқумли касалликларга қарши вакцинация қилиниши ҳамда бунинг учун зарур барча шароит ҳозирлаб қўйилганини президентга маълум қилди.

Бердимуҳамедов ҳозирги кунда кўплаб мамлакатлар ўткир вирусли инфекцияларга қарши вакцина ишлаб чиқараётганига эътибор қаратди.

«Бизда рўйхатдан ўтказилган вакцинага қарамай, чет эллик спортчилар бошқа вакцина ёки махсус воситалар билан эмланишни хоҳлаши мумкин, шунинг учун улар танлов ҳуқуқига эга бўлиши керак. Биз улар учун вакцинацияни бепул таъминлашимиз керак, бунинг учун бизда барча имкониятлар мавжуд», — деди Бердимуҳамедов.

2021 йил 13—17 октябрь кунлари Туркманистон пойтахтида бўлиб ўтадиган велотрек бўйича жаҳон чемпионатига дунёнинг деярли 40 га яқин мамлакатидан спортчилар келиши кутилмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, 18 январь куни Туркманистон Россиянинг «Спутник V» вакцинасини рўйхатдан ўтказди ва тегишли сертификат берди. Шу орқали Туркманистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб «Спутник V» вакцинасини ўз ҳудудида қўллашни расман маъқуллади.

Ҳукумат Туркманистон ҳудудида COVID-19 инфекциясини юқтириш билан боғлиқ биронта ҳам ҳолат қайд этилмаганини таъкидласа-да, мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида 2021 йил 31 январгача хорижий рейслар, йўловчи поездлари ва шаҳарлараро автобуслар ҳаракати тўхтатилган, масжидлар, савдо, умумий овқатланиш, маданият ва маиший хизмат марказлари ёпилган.

ЖССТ Туркманистонда пневмония билан касалланиш ҳолатлари ошгани ҳақидаги маълумотдан хавотирланиб, ҳукуматга худди мамлакат бўйлаб COVID-19 тарқалгандек барча эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилди.