Ҳаётимиз «суғур куни»га айланди. Ўтган йили март ойида бир кишида коронавирус аниқланганида мисли кўрилмаган ўзгаришлар бошланганди. Ўтган куни пединститутнинг бир талабасида коронавирус аниқланибди. Бу 2021 йилги вирус.

22 январь куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети (ТДПУ) рус тили ва адабиёти факультети талабасида COVID-19 касаллиги аниқланди. Бу талаба билан мулоқот қилганлар ва факультет биносида бўлган барчага 14 кун давомида ўзини ўзи изоляция қилиш тавсия қилинди. Анъанавий тарзда ўқишни бошлаган талабалари икки ҳафта давомида масофадан туриб ўқиши белгиланди. Рус тили ва адабиёти, хорижий тиллар факультети биносининг барча чиқиш эшиклари ва ҳудудлари бутунлай изоляция қилинган. Ҳафта давомида тиббий-санитария тозалаш ишлари олиб борилади. Ушбу факультетларнинг ҳудуди тўлиқ ёпилган ва назорат остига олинган. Бу коронавируснинг янги штамми ёки йўқлиги хабар қилинмади. Эслатиб ўтамиз, бу 2021 йилдаги биринчи айтилган ҳолат.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Айрим норасмий хабарларга кўра, коронавируснинг янги штаммининг симптомлари ўтган йилгисидан кўп фарқ қилмайди. Аммо янгисида ич кетиш ҳолати ҳамроҳ бўлади (ўтган йили карантин бошида ҳожатхона қоғозини ғамлаб қўйганлар ютуқда).

Хўш, вакцина оламида нима гап? Ўзбекистон аҳолиси февраль охири, мартнинг бошидан коронавирусга қарши эмлана бошланади. ЖССТ қўллашга рухсат берган Pfizer ҳамда BioNTech корхоналари томонидан ишлаб чиқилган вакцинани Ўзбекистонда ҳам эмлаш жараёнига жалб қилиш учун 100 минг дозага расман буюртма берилган. Биринчи навбатда шифокорлар ва кексалар эмланади.

* * *

Президент Шавкат Мирзиёев таътилга чиқиб қайтганидан кейин вилоят ҳокимлари ҳам президент девони тасдиқлаган режа асосида секин-аста дамга чиқа бошлади. Уларга туман ҳокимлари қўшилди. Айтиш лозимки, бунақа оммавий дам олиш илгари кузатилмаган. Янада қизиғи, ҳокимлар ишни танланган ёш ўринбосарларга қолдириб кетмоқда. Масалан, ўтган ҳафта бошида Қашқадарё ҳоким ўринбосари ва 15 нафар туман ҳокими даволаниш учун Тошкентга жўнаб кетди. Уларнинг вазифасини ёшлар бошқариб турадиган бўлди. Яккабоғ туманини 10 кун бошқариб туриш ҳуқуқини қўлга киритган талаба Ситора Эргашева мурожаатчини «жойига ўтқазиб қўйиб», ижтимоий тармоқлар юлдузига айланишга ҳам улгурди.

Андижон вилоятида ҳам 16 нафар ёш йигит-қиз 10 кун муддатга шаҳар ва туман ҳокимлари, ҳоким ўринбосарлари лавозимини эгаллади. Шунингдек, 48 нафар ёш эса уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича сектор раҳбарларига узоқ муддатга бириктирилди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси ва Тошкент шаҳри ҳокими билан биргаликда бешта вилоят раҳбари 17 январь куни меҳнат таътилига чиқди. Қорақалпоғистон раҳбари ва яна 6та вилоят ҳокими 28 январда таътилга чиқади.

* * *

20 январь куни Янги Ангрен иссиқлик электр станциясининг энергия блокида чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг портлаши содир бўлди. Хизмат кўрсатиш пайтида содир бўлган ҳодиса оқибатида уч киши жароҳат сабабли вафот этди, яна уч киши турли даражада куйиш тан жароҳати олди. Портлаш бўйича жиноят иши очилди. Айтилишича, корхонадаги ишлаб чиқариш воситалари ўз хизмат вазифасини ўтаб бўлган. Вафот этганларнинг оила аъзоларига дафн маросимини ўтказиш учун аввал 4 миллион 866 минг сўмдан биринчи моддий ёрдам кўрсатилган. Кейинроқ қўшимча равишда 105 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилган.

Фото: «Халқ сўзи Online»

Суриштирувлар қозон тозаловчилар техника хавфсизлигига риоя қилмаганини кўрсатмоқда. Портлаган цех бошлиғи эса ўзини осиб қўйди.

* * *

Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳафта Бухорои шарифда бўлди. Бухоронинг икки ҳокими коронавирус сабабли орқама-орқа вафот этгани ортидан Ботир Зарипов ноябрдан бери ҳоким вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаб келаётганди. Президент ташрифи давомида йиғилиш ўтказиб, унинг лавозимидан «вазифасини бажарувчи» қўшимчасини олиб ташлади.

Бухороликлар ўтган йили, нафақат, коронавирусдан, балки кучли бўрондан ҳам азият чекди. Президент вертолётда айланиб табиий офат оқибатларини бартараф қилишда амалга оширилган ишлар қамровини кўздан кечирди. Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди, янги қурилишларни, ИТ-паркни, текстиль корхонасини кўрди.

* * *

Об-ҳаво инжиқликларига қанчалик яхши тайёрланмайлик, совуқ бир забтига олганида барчаси шамолга совурилиб кетади. Бу ҳафта келган кучли шамол водийнинг омонат иншоотларини вайрон қилди, дарахтларга қўшиб баннерлар ва симёғочларгача ағдариб ташлади.

Фото: Telegram

Андижондаги шамол сабаб бир нечта бино талафот кўрди, қурилиши битмаган уй томи Damas’ни босиб қолди, кўпқаватли уйлардаги электр симлари узилди. Наманганнинг Мингбулоқ туманида эса туман марказидаги маъмурий бинонинг томи учиб кетди. Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани ҳудудидаги янги симёғочлар шамолда гуппа-гуппа ағдарилди.

Фото: Telegram

Воҳада эса кучли қор инфраструктурага зиён етказди. Самарқанд ва Қашқадарёни боғловчи Тахтақорача довонида қор сабабли ҳаракатланиш тўхтатилди. 21 январь куни бошланиб икки кун давом этган кучли шамол ва қорбўрони туфайли республикада 550 мингдан ортиқ истеъмолчи электрсиз қолди.

* * *

Охирги вақтда қўлига қалам ушлаган журналист борки, тендерлардаги кўзбўямачиликлар, манфаатлар тўқнашуви ҳақида ёзиб чиқди. Яқинда қурилиш-пудрат ташкилотларининг рейтинги ишлаб чиқилди, энди бунақа ҳолатлар камайишидан умид қиламиз. «Reyting.mc.uz» сайтига кирсангиз, 36 мингдан ортиқ ташкилотнинг рейтингини кўриб чиқасиз. Рейтингда уларнинг салоҳияти 71 та кўрсаткични қамраб олган 6 та гуруҳдан иборат мезонлар билан ўлчанади. Ташкилот салоҳиятини аниқлашда малакали мутахассислари, молиявий кўрсаткичлари, бажарган ишларининг сифати, иш тажрибаси, техник базаси, рақобатдошлиги каби қурилишда юқори сифатни таъминловчи мезонлар аҳамиятга эгадир.

Айтганча, Жиззахча тендерларни «гуллатган» мансабдор ишдан олинди ва унга қарши жиноий иш очилди.

«Дарё»да бир йил давомида эслатган гапимизни такрорлаймиз: карантин қоидаларига риоя қилинг. Соғлиғимиз ўз қўлимизда.