Президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг 22—23 январь кунлари Бухоро вилоятига амалга оширган сафарига бағишланган махсус репортаж эълон қилди. Рус тилида тайёрланган 25 дақиқалик кўрсатувда, жумладан, президентнинг Бухоро шаҳридаги Неъмат ота Ҳотамов хонадонига ташрифи тафсилотлари ҳам кўрсатиб ўтилган.

Президент Бухоро шаҳрининг «Низомий» маҳалласида қурилган замонавий уйларни бориб кўргани ҳақида хабар берилган эди. Илгари бу ҳудудда пана-пастқам, каназилацияси йўқ уйлар бўлиб, «шаҳар кўркини бузиб турган». 2020 йилда бу ерда етти қаватли уйлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилди.

Репортаж муаллифининг таъкидлашича, «Ҳотамовлар оиласи юксак мартабали меҳмоннинг келишига тайёргарлик кўриб қўйган эди, аммо президент остонада пойабзалини ечгани хонадон эгаси учун мутлақо кутилмаган ҳол бўлди». Видеода Неъмат Ҳотамов президентга пойабзални ечмай кириши мумкинлигини айтишга тараддудланиб, шошилиб қолганини кўриш мумкин.

Президент хонадонда яратилган шароитлар билан қизиққан. Бу вақтда уй эгасининг невараси «қонун-қоидасида ёзилганидек қилиб», президентга чой узатган. «У ўз ҳис-ҳаяжонини базўр ушлаб турганини сезиш мумкин», — дейди кадр ортидаги овоз. Шу вақтда унинг бувиси вазиятни дарҳол назоратга олиб, кўз қараши билан «ушбу тадбир протоколи бўйича» чойни энди кимга узатиш кераклигини неварасига уқтирган. «Бу ерда энди устуворлик ёшга қараб белгиланади», — дейди репортаж муаллифи.

Дастурхон атрофида кечган дилдан суҳбат давомида президент Шавкат Мирзиёев ўзи ҳам қийналиб ўсгани, узоқ қишлоқдан чиққан одам эканини таъкидлагани ҳақида аввал хабар берилган эди. «Меҳнатим билан ўқишга кириб, одамларнинг армонини, қийналганини билганман», — деган эди давлат раҳбари Ҳотамовлар оиласи вакиллари билан суҳбатда.