SpaceX компанияси Falcon элтувчи ракетасини 143 та сунъий йўлдош билан бирга учириб, битта ракетада учирилган сунъий йўлдошлар сони бўйича янги жаҳон рекордини ўрнатди, деб ёзади «РБК».

Бундан аввалги рекорд 2017 йилда қайд этилган эди. Ўшанда Ҳиндистон Космик агентлиги ракета билан 104 та сунъий йўлдошни муваффақиятли учирган эди.

SpaceX миссияси Transporter-1 деб ном олди. Орбитага чиқарилган сунъий йўлдошлар орасида ўнтаси Starlink глобал тармоғи учун мўлжалланган. SpaceX уни Ернинг олис жойларини интернет билан таъминлаш учун ташкил қилмоқда. Қолган сунъий йўлдошлар турли мижозлар манфаатлари учун ишлайди, улар орасида Финляндиянинг ICEYE компанияси ҳам бўлиб, у хавфли муз объектларини мониторинг қилиш тизимини ишлаб чиқмоқда.

Дастлаб SpaceX’нинг рекорд парвози 23 январга белгиланган эди, аммо ўша куни минтақада ёмон об-ҳаво шароити кузатилди, шу муносабат билан старт бир кун кейинга қолдирилди.

Илон Маскнинг компанияси 2020 йил декабрида Starlink лойиҳаси доирасида олис ва қишлоқ жойларини сунъий йўлдош интернети билан таъминлаш учун АҚШ ҳукуматидан 885,5 миллион доллар субсидияни ютиб олди. SpaceX маблағларни ўн йил мобайнида қабул қилади. Бундан ташқари, АҚШ ҳукумати компанияга мамлакатнинг 35 та штатида 642 925 та нуқтада интернетни таъминлаш хизматларини кўрсатиш учун қўшимча пул ажратади.

Бу Starlink лойиҳаси доирасида 2019 йил майидан бошлаб интернет сунъий йўлдошлари катта гуруҳининг орбитага 17 марта чиқарилишидир. SpaceX’нинг орбитал гуруҳида аллақачон 1013 та Starlink космик қурилмаси бор.

Айни пайтда компания дунёдаги энг йирик сунъий йўлдош оператори ҳисобланади.

Келгусида SpaceX компанияси Ер аҳолисини сайёранинг исталган нуқтасида кенг полосали интернетга кириш билан таъминлаш имкониятини берувчи тўлиқ кўламли тармоқ яратиш учун 12 мингта ушбу турдаги космик қурилмадан иборат орбитал гуруҳни шакллантиришни режалаштирмоқда. Лойиҳани амалга оширишга киритилган инвестицияларнинг умумий қиймати 10 миллиард долларга баҳоланмоқда.