Шубҳасиз, ўтган ҳафта бир-биридан қизиқ бўлган воқеа ва ҳодисаларга бой бўлди. «Дарё» ҳафта давомида дунё саҳнида юз берган энг муҳим воқеаларни эсга олади.

Путиннинг ҳақиқий «бош оғриғи» – Алексей Навальний 

Ўтган ҳафтанинг энг кўп муҳокама қилинган воқеалардан бири Россиялик фаол Алексей Навальний атрофида юз берди. Гап шундаки, бир неча ойлик Германиядаги даволаниш ва қайта тикланишдан сўнг, 17 январь куни Алексей Навальний Россияга қайтиб келди. Қайтиб келиши билан уни Россия милицияси қўлга олди.

Фото: AFP

Дастлаб у Внуково аэропортига қўниши режалаштирилган эди, аммо Внуково аэропорти техник сабабларга кўра қатновларни қабул қилишдан тўхтаб қолди ва Навальний ўтирган самолёт Шереметово аэропортига қўнди. Внуково аэропортида эса уни жуда катта жамоа кутиб турган эди: журналистлар, фаоллар, тарафдорлари. Aerопорт ҳудуди ўраб олиниб, кириш чиқишлар ёпиб қўйилган эди. Унинг Шереметовога қўниши эса кутилмаганда содир бўлди.

Навальний паспорт назоратига етиб бормасиданоқ ҳибсга олинган ва Химки шаҳридаги полиция бўлинмасига олиб кетилган. 18 январь куни эса Химки шаҳар суди унга 30 кунлик қамоқ жазосини тайинлаган. Навальний ушбу воқеаларни «қонунбузарликнинг энг юқори даражаси» деб атади. Унинг адвокати Вадим Кобзев ҳибсга олиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинишини маълум қилди.

Мазкур воқеаларнинг эртаси куни, 19 январда асосчиси мухолифатчи Алексей Навальний бўлган Коррупцияга қарши кураш фонди «Путин учун қурилган қаср» ҳақида катта тадқиқотни эълон қилди. YouTube тармоғига жойланган мазкур видео қисқа вақт ичида бир неча миллиондан ортиқ томоша қилинган ва катта шов-шувга сабаб бўлган.

Фото: BBC

Алексей Навальний иддао қилишича, Россия президенти Геленжик яқинида, Қора денгиз соҳилида «бутун бошли қироллик»га эгалик қилади, унинг майдони «Монакодек 39 та князлик ҳудудига тенг».

Фонд хабар беришича, мажмуанинг қурилишини бир қатор компаниялар, шу жумладан, «Роснефть» ва «Транснефть» давлат компаниялари қалбаки ижара тўловлари ва бошқа коррупциявий схемалар ёрдамида молиялаштирган.

Тадқиқот муаллифлари бу схемани «дунёдаги энг катта пора» деб атаб, қаср ва узумзорларга сарфланган жами пул қийматини камида 100 миллиард рубль (1,35 миллиард доллар)га баҳоламоқда.

Ҳужжатларга таянган ҳолда Алексей Навальний маълум қилишича, «қаср»нинг майдони — 17 691 метр² га тенг бўлиб, бу мамлакатдаги энг катта шахсий турар жойдир.

Алексей Навальний ҳибсга олинганидан кейин видео мурожаат йўллаб ўз тарафдорларини намойишларга чиқишга даъват этган. Шундан сўнг, 23 январь куни Россиянинг ўнлаб шаҳарларида Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаб митинглар ўтказилди.

Сиёсатчининг штаби акциялар арафасида уларнинг мамлакатдаги 93 та шаҳарда бўлиб ўтишини эълон қилганди. Митинглар чет элда — Австралия, Германия, Австрия, Чехия, Буюк Британия, АҚШ, Черногория ва бошқа мамлакатларда ҳам бўлиб ўтди.

ОАВнинг хабар беришича, мазкур акция Россиядаги сўнгги ўн йиллардаги энг йирик намойиш бўлган. Акциялар чоғида бутун Россия бўйлаб 3352 киши қўлга олинган. Бундай маълумотларни 24 январь куни эрталаб «ОВД-Инфо» келтириб ўтди.

Фото: Google Photos

Хусусан, Москвада 1331, Санкт-Петербургда 501 киши, шунингдек, Новосибирск, Воронеж, Қозон шаҳарларининг ҳар бирида 90 дан зиёд одам қўлга олинган. Уларнинг кўпчилигига нисбатан акцияларда қатнашиш қоидаларини бузганлик ва шаҳар инфратузилмасига халақит берганлик ҳақидаги маъмурий моддалар илгари сурилмоқда.

Митинглар чоғида кўплаб журналистлар жабрланди. Журналистлар мустақил касаба уюшмаси журналистларнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ 52 та ҳолатни қайд этди.

Митинглар якунларига кўра аллақачон жиноий ишлар қўзғатилди. Улар ўндан ортиқ бўлиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига нисбатан зўравонлик, оммавий тартибсизликларга даъватлар, мол-мулкка қасддан зарар етказиш ва безорилик ҳақидадир.

Навальнийнинг тарафдорлари бир ҳафтадан кейин яна акциялар ўтказиш ниятини билдирди.

АҚШ Давлат департаменти Россиянинг сиёсатчи Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаб ўтказилган акцияларни бостириш чоғидаги хатти-ҳаракатларини қоралади. Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиқиш қилди. Иккала томон ҳам Россияни халқаро келишувларга риоя қилишга ва норозиликлар пайтида қўлга олинганларни озод этишга чақирди.

Оқ Уйни тарк этган Трамп ва қасамёд қилган Жо Байден

20 январь куни АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп янги сайланган президент Жо Байденнинг инаугурация маросимидан бир оз олдин Оқ Уйни тарк этди. Давлат раҳбари вертолётда Мериленд штатидаги Эндрюс авиабазасига йўл олди. У ерда у ўз лавозимидан хайрлашиш маросимини ўтказди ва US Air Force’нинг махсус самолётида Флорида штатининг Мар-а-Лаго шаҳридаги қароргоҳига жўнади. Дональд Трамп Жо Байденнинг инаугурация маросимида иштирок этмаслигини билдирган. Бу 150 йил ичида биринчи марта шундай ҳолат бўлиши. Маросимга унинг маъмурияти вице-президенти Майк Пенс келди.

Фото: Google Photos

Шу куни янги президент Жо Байден қасамёд қабул қилди ва давлат раҳбари сифатида иш бошлади. Шунингдек, у давлат раҳбари сифатида илк нутқини ҳам сўзлади.

«Бугун — Америка куни. Бугун — демократия куни», – деди Байден нутқининг бошида.

У январь ойи бошида Капитолийнинг эгалланишини эслади ва бу воқеада Америка демократиясининг аҳамиятини таъкидлаб ўтди.

«Демократиянинг қанчалик қадрли эканини билиб олдик. Ушбу соатларда, дўстлар, демократия тўлиқ ғалаба қозонди», – деди Байден.

Нутқ давомида Байден АҚШ аҳолиси оқ танлилар устунлигига қарши туриши кераклигини айтди. Таъкидланишича, Байден инаугурация пайтида бу ҳақда сўзлаган биринчи президент бўлди.

Байден, шунингдек, тўрт йиллик президент Дональд Трампдан кейин халқни бирлашишга чақирди. «Бирлик – бу олдинга йўл», – деди у.

Байденнинг айтишича, унинг бирлашиш ҳақидаги баъзи сўзлари бемаъни хаёллардек туюлиши мумкин, аммо америкаликларни иккига ажратган кучлар ҳақиқатан мавжуд.

Байден коронавирус пандемиясига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, америкаликлар қийин вақтга, синовлар даврига дуч келмоқда. Президент АҚШ аҳолисини пандемия билан юзма-юз туришга чақирди ва халқ биргаликда буни енгишини таъкидлади.

Байден 21 дақиқа давомида нутқ сўзлади. Таққослаш учун, Дональд Трампнинг 2017 йилдаги нутқи 17 дақиқа давом этган бўлса, Обаманинг 2009 ва 2013 йилдаги чиқишлари 19 дақиқа давом этган.

Инаугурация маросими томошабинларсиз ўтказилди – фақат расмийлар ва уларнинг чекланган миқдордаги меҳмонлари иштирок этди. Ушбу қарор коронавирус ҳамда ФҚБ маълумотларига кўра Трамп тарафдорлари томонидан уюштирилиши мумкин бўлган тартибсизликлар эҳтимоли туфайли қабул қилинган.

Жо Байден АҚШ президенти сифатида иш бошлаганидан кейин, нуфузли Time журнали навбатдаги сонининг муқовасини Байденга бағишлади. Нашрнинг муқовасида Байден ва у Трампдан мерос қилиб олган муаммолар ҳамда вазифаларга тўла Овал хона тасвирланган.

Фото: Time

Шунингдек, Байден ишга киришган куниёқ Трампнинг бир нечта қарор ва фармонларини бекор қилган. Улар орасида мусулмон мамлакатлари фуқаролари учун чекловлар, Мексика билан чегарада девор қуриш, иқлим ўзгаришлари бўйича Париж битими ва ЖССТдан чиқиш ҳақидаги ҳамда бошқа бир қатор қарор ва фармонлар ўрин олган.

Коронаинфо

Бутун дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони юз миллионга яқинлашиб бормоқда. Айни пайтга келиб касалланганларнинг умумий сони 99,4 миллионни ташкил этмоқда. 19 январь куни 95 миллиондан ошгани хабар берилган эди. Касалликдан вафот этганлар сони 2,1 миллион кишини, ундан тузалганлар эса, 71,4 миллион кишини ташкил этмоқда.

Фото: Google Photos

Вирус энг кўп тарқалган давлатлар бешлигидан қуйидагилар ўрин олди:

  • АҚШ — 25,5 миллион киши;
  • Ҳиндистон — 10,6 миллион;
  • Бразилия — 8,8 миллион;
  • Россия — 3,7 миллион;
  • Буюк Британия — 3,6 миллион.

Шунингдек, Франция, Туркия, Италия, Испания ва Германияда 2 миллиондан ортиқ коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилган. Маълумот учун, дунё бўйлаб вирусга чалинганларнинг умумий сони 17 декабрь куни 74 миллион, 27 декабрь куни 80 миллион, 4 январь куни 85 миллион, 11 январь куни 90 миллиондан ошганди.