Гель-лак бундан 10 йил аввал пайдо бўлишига қарамай, тез орада машҳурликка эришди ҳамда бугунги кунда салонга ташриф буюрган аёлларга айнан у билан боғлиқ хизматлар кўп тавсия қилинади. У нозик жинс вакилларининг тирноқ ва қўллари чиройли кўринишига, вақти тежалишига ёрдам бергани билан гель-лак билан тинимсиз юриш тирноқларнинг нафас олмаслиги, мўртлашиши ва бошқа муаммоларга сабаб бўлади.

Фото: Cosmopolitan

Нурланиш

Лак сурилганидан кейин фойдаланиладиган лампа икки хил: UV ва LED турлари бўлиб, уларнинг ҳар иккисида ҳам ультрабинафша нурлар мужассам бўлади. Ультрабинафша нурлар терининг эрта қариши, ажин ва доғлар тушиши, шунингдек саратон ривожланишига ҳам сабаб бўлади. Кўпчилик LED-лампаларни хавфсиз, деб ҳисоблайди, аммо бу тўғри эмас. Дерматолог Крис Эрдиганнинг айтишича, UV ва LED-лампаларидан нурланиш кўчадаги оддий чироқдан нурланишдан тўрт карра кучлироқ. Саратон келиб чиқиш хавфи у қадар катта бўлмаса ҳам, тери билан боғлиқ муаммоларнинг пайдо бўлиш эҳтимоли юқори саналади. Ушбу хавф салонга бир-икки марта ташриф буюрганда билинмагани билан орадан бир неча йиллар ўтиб намоён бўлади. Бундай лампалардан фойдаланиш керотиноцитлар ДНКсига зарар етиши ўтказилган тадқиқотларда ҳам аниқланган. Лампага қўлни қанча узоқ тутиб турилса, терига шунча ёмон бўлади.

Микропластик

Америкада овқат пластик ўрами йилига 80 миллиондан кўп марта чиқиндига ташланади. Унинг Ер юзи ва океанда тўпланиши эса тирик организмларга ҳам зарар етказмай қолмайди. Тошбақа, қуш ва денгиз ҳайвонларининг аксарияти пластикларнинг тўпланишидан ҳалок бўлади. Гель-лак тирноқ пластинасидан ўчирилгач, пластиклар чиқиндига ташланганидан сўнг улар микропластикларга ажралади. Бу эса унинг истеъмол маҳсулотларига зарар етказиши ва вақт ўтиши билан таом кўринишида организмга киришини билдиради.

Тирноқ пластинасига зарар етади

Гель-лак билан қопланган тирноқ вақт ўтиши билан ингичкалашиб, оғриқни ҳам ҳис қилиши мумкин. Бунга эса икки сабаб мавжуд. Биринчиси, қиз ва аёлларнинг икки ҳафта ёки ундан кўп гель-лак билан юриши, иккинчиси эса маникюрнинг нотўғри ўчирилиши ҳисобланади. Аппаратдан фойдаланганда эҳтиёт бўлмаслик туфайли тирноқ пластинаси шикастланади.

Тирноқни ацетон ва фолга қоғози билан ўчириш тўғри усул ҳисобланади. Тирноқлар «дам олиши» учун гель-лакдан воз кечишни истаганлар 3-5 ой давомида кутишига тўғри келади. Бу вақт давомида тирноқ пластинаси буткул янгиланиб олади. Тирноқларини даволашни истовчиларга эса шифобахш хусусиятга эга бўлган лакдан фойдаланиш тавсия қилинади.

Замбуруғлар пайдо бўлиши мумкин

Тирноқнинг ранги сариқ, оқ ёки жигарранг бўлади, айрим ҳолларда тирноқ остига намлик тўпланиши ва замбуруғ пайдо бўлиши ҳам мумкин. Шу сабаб ҳам мутахассислар 3-4 маникюрдан кейин базани олиш кераклиги ҳақида маълум қилишади. Қуритиш давомида гипоксия пайдо бўлади ва бу тирноқ билан боғлиқ муаммолар келиб чиқишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, шикастланган тирноқлар, асбоб-ускуналарнинг дезинфекцияланмагани, сифатсиз гель-лакдан фойдаланиш, 2 ҳафта муддат ўтганидан кейин ҳам лакни ўчирмаслик ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.