Американинг Coalition for a Safer Web (Хавфсиз интернет коалицияси) нотижорат ташкилоти президенти Марк Гинсберг Google тегишли бўлган Alphabet компаниясини судга берди, деб ёзади Meduza.

Фото: imageBROKER

У Калифорния суди компанияга Google Play дастурлар дўконидан Telegram мессенжерини ўчириб ташлаш мажбуриятини юклашини талаб қилмоқда.

Гинсберг иддао қилишича, Telegram экстремизм ва антисемитизмни тарқатишга имконият яратади, шунингдек, ирқий асосда таҳдидлар юбориш ва зўравонликни мувофиқлаштириш учун фойдаланилади. Даъвода таъкидланишича, Капитолийга шиддатли ҳужумдан кейин Google ўзининг дастурлар дўконидан Трамп тарафдорлари орасида машҳур бўлган Parler ижтимоий тармоғини ўчириб ташлаган, аммо Telegram’га нисбатан бундай чорани қўлламаган.

Аввалроқ Гинсберг Apple корпорациясини ҳам Telegram’ни App Store’дан ўчириш талаби билан судга берган эди.

Telegram асосчиси Павел Дуров суд даъвосини тўғридан-тўғри изоҳламади, аммо бир ҳафта ичида мессенжер администраторлари АҚШда зўравонликка қаратилган юзлаб даъватларни блоклаб қўйганини маълум қилди.