Боланинг ўзини тутишни билиши, бошқалар билан муносабатда нималарга эътибор қаратиш кераклигини англаши учун нафақат оиладаги тарбия, балки китоб ва фильмларнинг ҳам аҳамияти катта.

Фото: «Лиза»

«Митти малика» (Россия, 1997)

Мазкур фильм Ҳиндистондан Лондонга келган ва мисс Манчин қизлар мактабида ўқийдиган бадавлат ва шу билан бирга, қалби тоза ҳамда яхшиликка ҳамиша шай бўлган Сара Кру ҳақида ҳикоя қилади. Отаси пансионда қолдириб кетган қизалоқ барча тарбиячи ва хизматчи ходимлар билан дўст тутинади. Вақт ўтиб отаси капитан Кру қизига мерос қолдирмасдан вафот этгани маълум бўлади. Қаҳрамон қизга пансионда қолишга рухсат берилади, фақат хизматкор сифатида. Очлик, таҳқирланиш ва камситишлар қиз иродасини синдира олмайди. Қийинчиликларни енга олган қиз тақдирида ўзи ишонганидек бахтли кунлар олдинда бўлади.

Эътиборга молик жиҳати

Ушбу фильмни томоша қилгандан кейин нима бўлган тақдирда ҳам ортга чекинмаслик, руҳан кучли бўлиш ва, энг асосийси, ижтимоий аҳволидан қатъий назар, барчага тенг муносабатда бўлиш кераклигини яна бир бор тушуниб етасиз.

«Эгизаклар: мен ва менинг соям» (АҚШ, 1995)

Эгизаклар Мери-Кейт ва Эшли Ольсен бирга суратга тушган энг биринчи фильмлардан бири ҳисобланади. Бадавлат хонадоннинг тарбияли ва ўқимишли фарзанди Алиса билан етимхонада ўсган шумтака Аманданинг феъл-атвори тамоман бир-бирига ўхшамайди, аммо уларнинг кўриниши бир хил. Тасодифан танишиб қолган қаҳрамонлар ўрин алмашишга келишади ва кейинроқ Алисанинг отаси билан Аманданинг тарбиячисининг бир-бирига кўнгли тушиб қолиши учун ҳаракат қилади.

Эътиборга молик жиҳати

Қизларнинг тарбияси, ўзини тутишига эътибор қаратиш, шу билан бирга, кимдир яхшироқ, кимдир эса ёмон деган хулосага келмаслик керак.

«Кичик хоним» (Германия, Австрия, 2012)

Нью-Йоркда онаси билан яшайдиган Эмили кунлардан бир куни графинянинг набираси ва ёлғиз меросхўри экани ҳақида хабар топади. Кичик қаҳрамон Европага, бувисининг олдига кетади. Кибор хоним тарбиясиз Америкалик набирасини тарбиялашга киришади, аммо вақт ўтиши билан Эмили ҳақидаги фикри ўзгаради.

Эътиборга молик жиҳати

Урф-одатлар, тарбия ва қонун-қоидалар бўлгани яхши, аммо бу инсоннинг самимияти ва оддийлигига таъсир қилмаслиги керак. Фильмни томоша қилиш жараёнида фарзандингизга инсон ўзини тута билиши ўйин ва кўнгил-очишни инкор қилмаслиги, шунчаки, ҳамма нарсанинг ўз вақти ва жойи борлигини тушунтиринг.

«Маликанинг кундалиги» (АҚШ, 2001)

Энн Хетеуэй ижросидаги қаҳрамон қиз Европадаги кичик давлатнинг меросхўр маликаси эканидан хабар топади. Атрофдагилар учун йўқдек бўлиб юришга уринган ва камтар қизнинг бувиси уни маликаларга хос қилиб тарбияламоқчи бўлади. Шундан кейин қизнинг ҳаёти тамоман ўзгаради, аммо самимий ва кўнгилчанлиги ўша-ўшалигича қолади.

Эътиборга молик жиҳати

Томоша қилиш жараёнида қиз ва бувисининг ўзини тутиши, бошқалар билан қандай муносабатда эканига эътибор қаратинг. Қаҳрамонларнинг туриши, ўтириши, суҳбатга киришиши билан боғлиқ воқеаларни фарзандингиз билан муҳокама қилинг. Шунингдек, кичкинтойга ҳукмронлик ва ҳокимлик қилиш фақат бой ва машҳур бўлиш эмас, биринчи навбатда мамлакат, халқ олдидаги масъулиятли вазифа эканини тушунтиринг.