Ўзбекистонда Хитойнинг коронавирусга қарши ZF 2001 вакцинаси синовида иштирок этишни истаган кўнгиллилар сони 25 январь ҳолатига кўра, 10 058 нафарни ташкил этди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Инновацион ривожланиш вазирлигининг хабар беришича, улардан 4 447 нафари вакцинанинг 1-дозаси билан ва 364 нафари вакцинанинг 2-дозаси билан эмланди.

Маълум қилинишича, ушбу синовда кўнгилли бўлиб қатнашиш учун розилик хатига имзо чеккан, амал қилиш муддати ўтмаган идентификацион ҳужжат тақдим этган, тест протоколи талабларини тушунган ва унга мос келган, шунингдек, аввал COVID-19’га чалинмаган 18 ёшдан катта, соғлом фуқаролар иштирок этмоқда.

Вакцина синовларидан иштирок этишни истаганлар қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтиши мумкин.

Маълумот учун, Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан яратилган мазкур ZF 2001 рекомбинант вакцинасининг синовлари икки-томонлама номаълум, плацебо назорат усулда олиб борилмоқда. Ушбу вакцина синови Ўзбекистонда 10 декабрь куни бошланган бўлиб, у 14 ой давом этади.