Тошкентда 17 ёшли мактаб ўқувчиси муқаддам судланган 47 ёшли отасини пичоқлаб қўйди, деб хабар беради пойтахт ИИББ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, 22 январь куни соат 01:00 да Яккасарой тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига Шота Руставели кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонда оилавий келишмовчилик юзага келгани ҳақида хабар келиб тушган. Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари тегишли манзил бўйича етиб бориб, 47 ёшли муқаддам судланган А.И.ни пичоқланган ҳолда топган. А.И. тиббиёт муассасасига етказилган, бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, эркак вафот этган.

Аниқланишича, ҳодисага А.И. ва унинг 17 ёшли ўғли, ўрта мактаб ўқувчиси ўртасида юзага келган келишмовчилик сабаб бўлган.

Аввалроқ Қашқадарёда маст эркак хотини ва қайнсинглисини пичоқлагани, шунингдек, бухоролик аёл рашк сабаб эрини пичоқлаб қўйгани тўғрисида хабар берилганди.