Туркманистон Адолат (Адлия) вазирлиги веб-сайтида жисмоний ва юридик шахслар учун интернетга уланишни тартибга солувчи «Туркманарагатнашик» («Туркманалоқа») давлат агентлигининг бир қатор қоидалари эълон қилинди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар қилди.

Фото: «Хроника Туркменистана»

Қоидаларга кўра, интернетга уланиш учун нафақат паспорт ёки юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома, балки интернет уланган бинога эгалик, ижара ёки бепул фойдаланишни тасдиқловчи ҳужжат нусхасини ҳам тақдим этиш керак. Бу ҳам жисмоний, ҳам юридик шахсларга тегишли. Агар юридик шахс ижара асосида бинога эгалик қилса, интернетга уланиш учун бино эгасининг розилиги талаб қилинади.

Ҳужжатда интернет-кафе ва Wi-Fi уланиш нуқталарининг ишлаш қоидалари аниқ кўрсатилган. Уларнинг эгаларига қуйидагилар тақиқланади:

  • Туркманистон қонунчилигида тақиқланган маълумотларни тарқатиш;
  • интернетга рухсатсиз киришга ҳаракат қилиш;
  • порнографик характердаги материалларни, зарарли файлларни, терроризм, уруш, зўравонлик, этник, диний ва ижтимоий келишмовчиликларни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш.

Интернет-кафеларга ташриф буюрувчилар хизматдан фойдаланишдан олдин паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни (туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳарбий билет) тақдим этиши шарт.

Шунингдек, қоидалар хостинг хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди. Унда, хусусан, «хостинг оператори ва веб-сайт эгаси маълумотлар эгаси ва фойдаланувчи олдида Туркманистон қонунчилигига мувофиқ ахборотга қўйилган чекловлар учун жавобгар эмас».

Ҳужжатда ҳатто электрон почта орқали рўйхатдан ўтиш талаблари мавжуд. Қоидаларда шундай дейилган: «Электрон почта хабарларини етказиб бериш тўғрисидаги шартномага мувофиқ, провайдер истеъмолчига хизматлар кўрсатиши ва фойдаланувчи номига интернет орқали хабарларни қабул қилиши, шунингдек, ушбу хабарларни кўрсатилган манзилга юбориши шарт. Фойдаланувчи кўрсатилган хизматлар учун тўловларни тўлаши ва улардан белгиланган шартнома ва Туркманистоннинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ фойдаланиши шарт».

Қоидаларда, шунингдек, давлат хизматлари Туркманистондаги махсус веб-сайт орқали, агар аниқ интернет хизматларини кўрсатиш имконияти Туркманистон қонунларида тақиқланмаган бўлса кўрсатилади.

Қоидаларга кўра, маълумот эгаси ва ахборот тизимининг оператори:

  • маълумотларга рухсатсиз кириш ва уни олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга беришнинг олдини олиши;
  • маълумотларга рухсатсиз кириш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаши;
  • маълумотларга кириш ҳуқуқи бузилган тақдирда салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириши;
  • хавфли маълумотларни қайта ишлаш усулларидан фойдаланишнинг олдини олиши;
  • рухсатсиз кириш натижасида ўзгартирилган ёки йўқ қилинган маълумотларни зудлик билан тиклашга ёрдам бериши;
  • ахборотни ҳимоя қилиш даражасининг доимий мониторингини олиб бориши керак.

Бундан ташқари, қоидаларда таъкидланишича, Туркманистоннинг давлат органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида махсус ваколатли шахслар учун очиқ, шунингдек, давлат сирларини ўз ичига олган ахборотни ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўрмасдан фаолият юритишга йўл қўйилмайди.

Аввалроқ Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов набираси билан қорбола ясагани, Туркманистонда машиналар кузовида қора рангли элементлар бўлиши тақиқлангани ҳамда Туркманистонда 50 ёшдан катталарнинг ҳудудлар бўйлаб ҳаракатланиши тақиқлаб қўйилгани ҳақида хабар берилганди.