Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 25 январь куни Ашхабодда қурилаётган йирик объектларни кўздан кечириш вақтида «Туркман алабай итлари» халқаро ассоциацияси буюртмаси билан кучуклар учун қурилаётган махсус бошпаналарни ҳам кўздан кечирди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар берди.

Фото: «Туркменистан сегодня»

Бердимуҳамедовга қурилишнинг бориши ҳақида унинг ўғли, ассоциация раиси Сердар Бердимуҳамедов, шунингдек, Саноат ва тадбиркорлик кенгаши раиси Довран Худойбердиев маълумот берган.

Туркманистон президенти кўргазмали майдон, томоша трибунаси ва тўсиқли йўлакчаларни ўз ичига олувчи комплекснинг асосий режаси билан танишган.

Шунингдек, Бердимуҳамедов кириш дарвозалари, комплексга ўрнатиладиган алабайлар ҳайкали, ҳудудни ўраб турувчи тўсиқлар, чироқ устунлари, трибуналардаги ўриндиқларнинг ранги ҳамда иншоотнинг бошқа ички декоратив элементлари дизайнини тасдиқлади.

Фото: «Туркменистан сегодня»

Фото: «Туркменистан сегодня»

Бердимуҳамедов бош вазирнинг қурилиш-саноат комплекси бўйича ўринбосари Шомуҳаммет Дурдилиевга объектларнинг ранглари миллий услуб билан уйғунлашган бўлишини назорат қилиш ҳақида топшириқ берди. Шунингдек, у агросаноат мажмуаси учун масъул бош вазир ўринбосари Эсанмурат Оразгелдиевга алабай образининг бадиий мужассамлашувида содиқлик ва жасорат каби ўзига хос хусусиятлар акс этиши кераклигини тушунтирган.

Мажмуани қуриш учун жойнинг Копетдағ тоғлари этагидан танлангани Бердимуҳамедовни қониқтирди. Ташрифи якунида Туркманистон раҳбари туркман алабайи байрами ва туркман оти миллий байрамини (Туркманистонда апрель ойининг охирги якшанбасида нишонланади) бирлаштиришни таклиф қилди.

Фото: «Туркменистан сегодня»

Фото: «Туркменистан сегодня»

Фото: «Туркменистан сегодня»

Фото: «Туркменистан сегодня»

Маълумот учун, 2020 йил 31 август куни «Туркман алабайлари» ассоциацияси халқаро мақомга эга бўлган, унинг раиси сифатида Сердар Бердимуҳамедов сайланган. Ўшанда туркман алабайлари байрамини апрелнинг сўнгги якшанбасида, туркман отлари миллий байрами билан бир кунда ўтказиш белгиланганди.

2017 йилда Туркманистон президенти Россия президенти Владимир Путинга алабай кучугини совға қилган, кучукка «Содиқ» лақаби берилган. 2019 йилнинг майида у Россия собиқ бош вазири Дмитрий Медведевга ҳам алабай совға қилган. 2020 йил ноябрь ойида Бердимуҳамедов Ашхободда алабай итига атаб ўрнатилган олтин ҳайкални очиб берганди.