Халқаро космик станция(ХКС)га илк сайёҳлар Илон Маскнинг SpaceX компаниясига қарашли Crew Dragon бошқарилувчи кемасида 2022 йилнинг январигача учмаслиги маълум бўлди, дея хабар берди космик сайёҳликни ташкиллаштиришни режалаштираётган Axiom Space компанияси маълумотига таяниб «Интерфакс».

Фото: NASA

Аввалроқ компания веб-сайтида сайёҳларнинг рўйхати эълон қилинганди. Рўйхатга кўра, станцияга АҚШ, Канада ва Исроил ишбилармонлари — Ларри Коннор, Марк Пати ҳамда Эйтан Стиббе боради. NASA собиқ астронавти Майкл Лопес-Алегриа уларга ҳамроҳлик қилади.

ХКСга 8 кунлик ташриф қиймати 55 миллион долларга баҳоланмоқда. Парвоз олдидан сайёҳлар Ерда 15 ҳафталик машғулотлардан ўтиши керак. Келажакда космик сайёҳлар билан парвозларни йилига 2—3 марта амалга ошириш режалаштирилган.

Аввалроқ SpaceX компанияси Falcon элтувчи ракетасини 143 та сунъий йўлдош билан бирга учириб, битта ракетада учирилган сунъий йўлдошлар сони бўйича янги жаҳон рекордини ўрнатгани ҳақида хабар берилганди.

Келгусида SpaceX компанияси Ер аҳолисини сайёранинг исталган нуқтасида кенг полосали интернетга кириш билан таъминлаш имкониятини берувчи тўлиқ кўламли тармоқ яратиш учун 12 мингта ушбу турдаги космик қурилмадан иборат орбитал гуруҳни шакллантиришни режалаштирмоқда. Лойиҳани амалга оширишга киритилган инвестицияларнинг умумий қиймати 10 миллиард долларга баҳоланмоқда.