Ашхобод шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасида 25 январь куни йиғилиш бўлиб ўтди, унда мутахассислар пойтахт тиббиёт муассасалари раҳбариятини аҳолини COVID-19’га қарши эмлаш учун тиббиёт ходимларини тайёрлаш режалари билан таништирди, деб хабар бермоқда «Хроника Туркменистана».

Фото: Dailysabah

Биринчи босқичда тиббиёт ходимлари, иккинчи босқичда таълим муассасалари ўқитувчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, шу жумладан, ҳарбий хизматчиларни эмлаш режалаштирилмоқда.

Соғлиқни сақлаш уйлари раҳбарларига уларга бириктирилган аҳоли рўйхатларини тузиш, уларни ёш тоифалари бўйича ажратиш бўйича кўрсатма берилди. Рўйхат тайёр бўлгач, шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимига топширилиши керак. Рўйхатларга киритилган аҳоли сонига қараб, керакли вакцина сони аниқланади ва тегишли соғлиқни сақлаш уйларига ўтказилади.

Эмлашдан олдин одамлар анализ учун қон топширади. Кейин улар билан тушунтириш суҳбати ўтказилади ва биринчи эмлашдан 21 кун ўтгач, иккинчисини олиш кераклиги ҳақида огоҳлантирилади.

Вакцинациядан олдин нега қон олиниши ҳақида маълумот берилмаган. Тахминларга кўра, бу одамларда антитана бирлигини аниқлаш учун. Коронавирусга қарши антитаналарга эга бўлган фуқаро эмланмайди.

Нашрнинг таъкидлашича, бу расмийларнинг Туркманистонда коронавирус йўқлиги ҳақидаги расмий позициясига зид келади. Чунки коронавирус аниқланмаган давлат фуқаролари орасида антитанага эга одам ҳам бўлиши мумкин эмас.

Таъкидланишича, эмлашлар 24 соат давомида амалга оширилади.

Айни пайтда эмлашни бепул амалга ошириш режалаштирилган. Бироқ мамлакатда тиббий суғуртаси бўлмаган кўплаб фуқаролар мавжуд. Улар эмланадими ёки йўқми номаълум.

Аҳоли қайси вакцина билан эмланиши ҳам аниқ эмас. Айни пайтда «Спутник V» вакцинаси расмий равишда Туркманистонда рўйхатдан ўтган ва Россиянинг яна бир вакцинаси – «ЭпиВакКорона»ни рўйхатдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Нашрнинг манбаларига кўра, Pfizer ва «Спутник V» вакциналарининг кичик партиялари 13 январь куни Туркманистонга етказиб берилган.

Шунингдек, президент Гурбангули Бердимуҳамедов 20 январь куни Туркманистонга спорт тадбирларига келган спортчилар ўзлари танлаган вакциналар билан эмланишлари мумкинлигини эълон қилган.

Аввалроқ Гурбангули Бердимуҳамедов алабай итлари ва ахалтекин отларининг байрамини бирлаштириш ҳақида буйруқ бергани, Туркманистон Адлия вазирлиги интернетга уланиш қоидаларини эълон қилгани ҳамда Туркманистон коронавирусга қарши «Спутник V»дан ташқари бошқа вакциналарни ҳам рўйхатдан ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.