Ўзбекистонда COVID-19’га қарши вакцинация жараёнининг дастлабки босқичида 50 мингга яқин аҳоли эмланади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Унинг айтишича, мамлакатда коронавирусга қарши аҳолининг 20 фоизини эмлаш учун вакциналарга бюртма берилган.

«7 миллион аҳолини икки маротаба эмлаш учун жами 15 миллионга яқин доза вакцина олиб келинади. Дастлабки босқичда биз 100 минг доза вакцинани олиб келиб, 50 мингга яқин аҳолини ушбу касаликка қарши эмламоқчимиз», — деган у «Ўзбекистон 24» каналига берган интервьюсида.

Нурмат Отабековнинг билдиришича, Ўзбекистонга 7 миллион доза вакцина олиб келиниб, 7 миллион аҳолини икки маротаба эмлаш учун жами 15 миллионга яқин вакцина олиб келинади.

Ҳозирда Хитойнинг коронавирусга қарши ZF 2001 вакцинаси синови давом этаётганини, 11 мингдан ортиқ кўнгилли ушбу вакцина синовида қатнашиш истагини билдирганини эслатиб ўтган.

Аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистонга ЖССТ қўллашга рухсат берган Pfizer ва BioNTech компаниялари ишлаб чиқарган коронавирусга қарши вакцина келтирилишини айтганди.

Унинг ўринбосари Ботиржон Қурбонов 50 минг кишини икки мартадан эмлаш учун етарли миқдорда буюртма қилинган Pfizer-BioNTech вакцинаси билан Ўзбекистонда биринчи галда шифокорлар ва кексалар эмланишини билдирган. Ҳозирда Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида Pfizer-BioNTech вакцинасини 70 даража совуқда сақлаш имконини берадиган музлатгичлар ҳозирлаб қўйилгани маълум қилинган.

Молия вазири Тимур Ишметов 2021 йилда Ўзбекистон коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун 3 триллион сўм ажратишини билдирган.

2020 йилнинг ноябрида Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилаётгани ҳақида маълум бўлганди. Шунингдек, Россиянинг «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режаси ҳам мавжуд.