Apple Watch «ақлли» соати пулснинг тез экани сабаб 4 ой давомида россиялик Александра Румянцевага машғулот режимини ёқиш кераклигини эслатиб турган.

Фото: Glamour

29 яшар қизнинг юраги билан боғлиқ муаммолар бундан икки йил аввал бошланган. Кардиологга мурожаат қилган қизга қовурғалар ўртасидаги нервларнинг яллиғланиши ташхиси қўйилган. Шифокор Александрага массаж олиши ва стрессдан узоқ бўлиши кераклигини таъкидлаган. Қиз 2020 йилнинг куз фаслида Apple Watch Series 3 харид қилган. Соатни таққанидан кейин девайс унга оддий юмушларни бажариш давомида ҳам доимий равишда машғулот режимини ёқишни таклиф қилган.

Соатда бир гап бор деб ҳисоблаган қизнинг аҳволи декабрь сўнгига келиб ёмонлаша бошлаган. У каравотда ётганида ҳам соат билан шу ҳолат такрорланаверган. Аҳволи ёмонлашган қиз «Саломатлик» дастурига кириб, пулси ҳақида маълумот билмоқчи бўлган ва дақиқасига 176 кўрсаткич қайд қилинганига гувоҳ бўлган. Зудлик билан тез ёрдамга мурожаат қилган қизга юрак қоринча тахикардияси ташхиси қўйилган. Маълум қилинишича, даво чоралари кечиктирилса, ушбу касаллик ўлим билан тугаши мумкин бўлган.

Айни вақтда шифохонада даволанаётган қиз билан боғлиқ воқеадан хабар топган Apple ходимлари меъёрда бўлмаган ритм — тахикардия ва биокардия ҳақидаги маълумотни кўрсатиш функцияси ёқилганида, юрак билан боғлиқ муаммо борлиги ҳақида эртароқ хабар топиш мумкин бўларди, деб таъкидлаган.