АҚШ фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси (Federal Aviation Administration — FАА) космик кемалар учириш учун лицензия бузилгани юзасидан Илон Маскнинг SpaceX компаниясига нисбатан тергов бошлади. Бу ҳақда The Verge нашри вазият билан таниш бўлган икки манбасига таяниб ёзмоқда.

Фото: NASA

Суриштирув бошланишига Starship ракетасининг 2020 йил декабридаги синов парвози сабаб бўлган, ўшанда ракета қўниши пайтида портлаш юз берган эди.

Нашр манбаларига кўра, FАА нафақат Starship прототипининг қўниш пайтидаги портлаши, балки SpaceX’нинг идора томонидан белгилаб берилган космик кемаларни учириш шартларига амал қилишдан бош тортишига боғлиқ ҳолатни ҳам текширишни бошлаган.

«Биз тижорат соҳасида инновацияларни рағбатлантириш учун тезкор ҳаракатлар муҳимлигини тан олсак-да, FАА жамоат хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича ўз масъулиятидан воз кечмайди», — деди идора вакили Стив Кульм.

Шу билан бирга, у SpaceX’нинг айнан қайси хатти-ҳаракатлари FАА лицензиясини бузганига аниқлик киритмади.

Starship прототипининг навбатдаги синови 28 январда ўтказилиши керак эди, аммо FАА бу парвозни ўтказишни тақиқлади, чунки мансабдорлар SpaceX ўзининг лицензия ҳақидаги талабномасига киритган ўзгартиришларни кўриб чиқаётган эди, деди The Verge манбаларидан бири. Компания раҳбари Илон Маск синовларнинг бекор қилинишидан жуда ғазабланди.

«FAA’нинг ҳаммаси жойида бўлган авиация бўлинмасидан фарқли ўлароқ, космик бўлинмаси умуман олганда нотўғри норматив базага эга. Уларнинг қоидалари бир қанча давлат объектларидан йилига бир нечта қайтариб бўлмайдиган учиришлар учун кўзда тутилган. Бу қоидаларга риоя қилса, инсоният ҳеч қачон Марсгача етиб бора олмайди», — деб ёзди миллиардер ўз Twitter’ида.

Starship ракетаси Ой ва Марсга парвозлар учун ишлаб чиқилган. Ракетанинг SN8 прототипи 10 декабрь куни Техасда Ерга тўғри қўна олмасдан, портлаб кетган эди.