Ўзбекистонда Хитой компанияси томонидан яратилган ZF 2001 вакцинасининг учинчи синов босқичларида беш минг эмас, тўққиз минг киши иштирок этади. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги

«Тадқиқот кўламининг кенгайтирилишига сабаб, биринчидан, тадқиқот иштирокчилари сонининг иккинчи ва учинчи доза эмлаш босқичида камайиш эҳтимоли мавжудлигидадир. Иккинчидан, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашгани боис коронавируснинг вакцина олганларга таъсирини ўрганиш қийинлашмоқда. Негаки, вакцинанинг таъсири организмга вирус таъсир қилганда аниқланади», — дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, вакцина синовларида иштирок этаётган кўнгиллиларнинг ярми вакцина эмас, плацебо олаётгани ҳам ҳам эслатиб ўтилган.

Маълумот учун, Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан яратилган мазкур ZF 2001 рекомбинант вакцинасининг синовлари икки-томонлама номаълум, плацебо назорат усулида олиб борилмоқда. Ушбу вакцина синови Ўзбекистонда 10 декабрь куни бошланган бўлиб, у 14 ой давом этади.

Ушбу синовда кўнгилли бўлиб қатнашиш учун розилик хатига имзо чеккан, амал қилиш муддати ўтмаган идентификацион ҳужжат тақдим этган, тест протоколи талабларини тушунган ва унга мос келган, шунингдек, аввал COVID-19’га чалинмаган 18 ёшдан катта, соғлом фуқаролар иштирок этмоқда.

Вакцина синовларидан иштирок этишни истаганлар қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтиши мумкин.