Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь—декабрь ойлари ҳолатига кўра, аҳолининг умумий даромадлари 401,5 триллион сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган ҳисоботда келтирилган.

Фото: «Дарё»

Аҳолининг умумий даромадлари — мажбурий тўловлар ва бошқа ажратмаларни амалга оширгунга қадар бўлган ялпи даромадни ифода этади. Аҳолининг умумий даромадига пул даромадлари ва натурал шаклидаги даромадлар киради ҳамда доимий асосда, такрорланувчи хусусиятга эга бўлган, йиллик ёки ундан кам вақт оралиғидаги даврда уй хўжалиги ёки унинг алоҳида аъзоларига тушадиган тушумлардан таркиб топади.

«Аҳоли даромадлари бўйича реал ўсиш суръатларини ҳисоблашда нарх омиллари таъсирини чиқариб ташлаш мақсадида инфляция кўрсаткичларининг асосий турларидан бири — истеъмол нархлари индексидан (ИНИ) фойдаланилади. Истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 2,6 фоизни ташкил этди (ўтган йилнинг учта чораги бўйича пасайиш 0,3 фоизга тенг эди)», — дейилади Статқўм хабарида.

2020 йилнинг 12 ойи давомида аҳоли жон бошига умумий даромадлар 11,7 миллион сўмни ташкил этган, реал ўсиш — 0,7 фоиз, бу 2019 йилги кўрсаткичлардан сезиларли даражада паст (5 фоиз).

2020 йилнинг январь—декабрь ойларида аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми Тошкент шаҳрида (23,5 миллион сўм) ҳамда Навоий (19,2 миллион сўм), Бухоро (14,4 миллион сўм), Тошкент (12,5 миллион сўм) ва Хоразм (12 миллион сўм) вилоятларида республика бўйича ўртача даражадан юқори кўрсаткичлар қайд этилганлиги кузатилган.

Аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми энг қуйи кўрсаткичлари Фарғона (8,7 миллион сўм) ҳамда Наманган (9 миллион сўм) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (9,1 миллион сўм) қайд этилган.

Скриншот: Давлат статистика қўмитаси

Аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Навоий вилояти (6 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (4 фоиз), Самарқанд (3,7 фоиз) ва Тошкент (3,4 фоиз) вилоятларида кузатилган.

Шу билан бирга, аҳоли жон бошига реал даромадларнинг пасайиши қуйидаги вилоятларда кузатилган: Сирдарё — 2,4 фоиз (2019 йилда ўсиш 7,1 фоиз), Андижон — 2,2 фоиз (+4,5 фоиз), Фарғона — 1,7 фоиз (+1 фоиз) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида — 1,2 фоиз (+13,2 фоиз).

Скриншот: Давлат статистика қўмитаси

Давлат статистика қўмитасининг 2000—2020 йиллардаги маълумотларига кўра, Тошкент ва Фарғона, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида аҳоли жон бошига умумий даромад 20 йил ичида биринчи бор пасайган, Хоразм вилоятида — 2003 йилдан буён биринчи бор, Андижон вилояти — 2015 йилдан, Сирдарёда — 2017 йилдан бери.

Скриншот: Давлат статистика қўмитаси

Аҳолининг умумий даромадлари таркибида меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар (ёлланма ишчиларнинг ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар) сезиларли улушни ташкил этмоқда. 2020- йилнинг январь—декабрь ойлари маълумотларига кўра, меҳнат фаолиятидан олинган даромадларнинг умумий даромадлар таркибидаги улуши 69,3 фоизни ташкил этган. Меҳнат фаолиятидан олинган даромадларнинг номинал ўсиш суръати 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 115,1 фоизни ташкил этди ҳамда аҳоли умумий даромадлари номинал ҳажмининг 10,5 фоизга ўсиши таъминланган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг апрелида Халқаро валюта жамғармаси иқтисодий прогнозини эълон қилган ва унда жаҳон иқтисодиётида ЯИМнинг йил охирига бориб 3 фоизга тушиши мумкинлигини билдирганди. Бу 2009 йилдан бери кузатилган биринчи рецессия бўлади, 11 йил аввал глобал иқтисодиёт 0,08 фоизга қисқарганди.

«2020 йилда дунё иқтисодиёти Буюк тушкунлик давридан (1929—1933 йиллар) буён кузатилмаган чуқур рецессияни бошидан ўтказишининг эҳтимоли баланд», — дея таъкидлаган эди ХВЖнинг бош иқтисодчиси Гита Гопинат.