Россияда «Союз-2.1б» ташувчи ракета коинотга учирилди. У ҳарбий сунъий йўлдошни орбитага муваффақиятли олиб чиқди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига таяниб «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Ракета 2 февраль, сешанба куни Москва вақти билан соат 23:45 да (Тошкент вақти билан 3 февраль 01:45 да) Архангельск вилоятининг Плесецк космодромидан учирилган. Аппаратнинг коинотга учирилиши одатдаги режимда амалга оширилди.

Кўп ўтмай Россия аэрокосмик кучларининг воситалари ракетани ўз назоратига қабул қилиб олди. Бу аппаратга «Космос-2549» тартиб рақами берилди. Американинг ихтисослаштирилган сайтларининг таъкидлашича, бу ўрта синфга оид разведкачи сунъий йўлдош.

Бундан олдинги «Союз-2.1б» парвози 2020 йилнинг декабрь ойида Плесецк аэродромида амалга оширилган эди.

Маълумот учун, 22 декабрда Хитой XJY-7 махфий сунъий йўлдоши ва бир гуруҳ космик микроаппаратларни коинотга чиқарган «Чанчжэн-8» ўрта синф ракетасини муваффақиятли учирган эди.

Шунингдек, декабрь ойида Илон Маскнинг SpaceX компанияси АҚШнинг Миллий ҳарбий-космик ракета бошқармаси (NRO) махфий NROL-108 сунъий йўлдоши билан ҳамкорликда Falcon 9 ракетасини учирди. Бу турдаги сунъий йўлдошлар вазифаси ва имкониятлари қатъий равишда сир тутилади.