SpaceX компанияси томонидан Ой ва Марсга парвоз қилиш учун ишлаб чиқилган Starship космик кемаси прототипи АҚШнинг Техас штатида ўтказилган синовлар чоғида, қўниш вақтида портлаб кетди, деб ёзади «РБК». Ракетани учириш жараёни компаниянинг Twitter’даги саҳифаси орқали трансляция қилинди.

Серия рақами 9 (SN9) бўлган ракета муваффақиятли тарзда учирилди. Мақсад 10 километргача баландликка кўтарилишдан иборат эди. Аммо қўниш вақтида ракета ерга урилиб, портлаб кетди.

SpaceX’нинг интеграция бўйича бош муҳандиси Жон Инспрукер онлайн-трансляция чоғида «унинг ажойиб парвоз бўлгани, шунчаки қўниш устида бироз ишлаш керак»лигини таъкидлади.

Starship’нинг 2020 йил декабридаги бундан аввалги парвози ҳам муваффақиятсиз якунланган, кеманинг SN8 прототипи Техасда муваффақиятли стартдан кейин қўниш чоғида портлаб кетган эди.

Ўшанда SpaceX’дагилар аварияга қўниш чоғида ёқилғи бакидаги паст босим сабаб бўлганини айтганди. Компания асосчиси Илон Маск, шунга қарамай, синовларни муваффақиятли деб атади.

Starship космик кемаси ва ўта оғир ракетаси Ерга яқин орбита, Ой ва Марсга экипаж ва юкларни олиб чиқишга мўлжалланган. Starship Ерга яқин орбитага 100 тоннадан ортиқ юкни етказишга қодир бўлган тарихдаги энг кучли ташувчи ракета бўлиши кутилмоқда.