Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида 8 ёшли қизни бегона эркак олиб кетмоқчи бўлгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар асосида шаҳар ИИБ ва прокуратура тергов ҳаракатлари бошлади.

Фото: Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати

Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, воқеа 29 январь куни соат 12:10 ларда содир бўлган. 2013 йилда туғилган, 1-синф ўқувчиси С.А. мактабдан чиққанда унинг ёнига номаълум шахс келган ва у билан суҳбатлашган. Унга ширинлик олиб беришини айтиб, қўлидаги мактаб сумкасини олиб, биргаликда бозор томонга ҳаракатланган.

Улар бироз юргандан сўнг қизалоқ у билан кетмаслигини айтиб, йиғлай бошлаганида эркак қизга мактаб сумкасини қайтариб, ўзи йўлда давом этган. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеода ҳам акс этган.

Суриштирувлар давомида қизнинг ота-онаси видеодаги шахсни танимаслигини айтган. Айни пайтда қиз соғлом ва ота-онасининг ёнида.

Ҳозирда ушбу шахснинг кимлигини аниқлаш юзасидан шаҳар ИИБ ходимлари суруштирув ишларини давом эттирмоқда.

Вилоят ИИБ, шунингдек, ижтимоий тармоқларда ушбу вазият билан боғлиқ бўрттирилган ёлғон ахборот ва фуқаролар томонидан ҳеч бир асосга эга бўлмаган, одамларда шубҳа туғдирувчи турли овозли хабарлар тарқатилаётганини билдириб, асосланмаган хабарларни тарқатмасликни ва нотўғри талқин қилмасликни сўраган.

2019 йилнинг октябрь ойида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида мактабдан бола ўғирламоқчи бўлган аёл ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Кейинчалик аёл дугонасининг илтимосига кўра, унинг қизини ўзининг 7 ёшли фарзанди билан бирга мактабидан олиб келишга боргани, қиз уни танимагани учун у билан кетишни истамагани маълум бўлганди. Оқибатда англашилмовчилик фуқаролар томонидан суратга олиниб, «бола ўғриси» деб, тасдиқланмаган нотўғри хабарлар тарқатилган.