Россияда ижтимоий тармоқлардаги ҳақоратли сўзларга қарши қаратилган тузатишлар кучга киргач сўкиш сўзлари ишлатилган портлар камаймади, деб ёзади «РБК» «Медиалогия» ҳисоб-китобларига таяниб.

Фото: «РИА Новости»

«Медиалогия» «ВКонтакте», «Одноклассники», Facebook, Twitter ва Instagram’да ҳақоратли сўзлар ишлатилган қуйидаги миқдордаги постларни аниқлаган:

  • 2021 йилнинг 25—26 январь кунлари (тузатишлар кучга киришидан бир ҳафта аввал) — 631,3 мингта;
  • 2021 йилнинг 1—2 февраль кунлари (тузатишлар кучга кирганидан кейин) — 646,1 мингта;
  • 2020 йилнинг 3—4 февраль кунлари (ижтимоий тармоқларда сўкиниш тақиқланишидан бир йил аввал) — 426,5 мингта.

«Медиалогия» қайд этишича, 2021 йил январь охири ва февраль бошида ижтимоий тармоқлардаги асосий муҳокама мавзулари Алексей Навальнийнинг қўлга олиниши ва бунинг оқибатида келиб чиққан норозилик акциялари бўлган. Бир йил аввал эса ижтимоий тармоқларда асосан илк коронавирус ҳолатлари, «Петербургский» спорт мажмуасининг қулаши ва шуба кийган ҳолда фахрийларга нон топширган қримлик мансабдор аёллар муҳокама қилинган эди.

Сўкинишнинг тақиқланиши ҳақидаги янгиликнинг ўзи ижтимоий тармоқларда уятсиз сўзлар қўлланилишининг ўсишига сабаб бўлди, деб ёзади «Ижтимоий тармоқлар» агентлиги. 2021 йилнинг 22—23 январь кунлари — тузатишларнинг тез орада кучга кириши ҳақидаги янгилик фонида ҳақоратли сўзлар қўлланган постлар ўртача кўрсаткичдан 30 фоизга кўпайган. Шунга ўхшаш авж нуқталар 1—2 февраль кунлари — тузатишлар кучга киргандан кейинги дастлабки кунларда ҳам кузатилган.

Россия Давлат думаси декабрь ойида ижтимоий тармоқларга сўкиниш сўзларини аниқлаш ва ўчириш мажбуриятини юкловчи қонунни қабул қилган эди. Тузатишлар 1 февралдан кучга кирди. Улар тасодифий ҳолда қўлланилади, чунки ижтимоий тармоқларга ҳақоратли сўзларга нисбатан автоматик мониторинг жорий қилиш мажбуриятини юкламайди. Ҳозирча сўкиниш сўзларини эътиборсиз қолдирганлик учун алоҳида жазо кўзда тутилмаган, аммо Маъмурий кодексда тақиқланган контентни блоклашдан бош тортганлик учун жарима назарда тутилган.