Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 6 февраль куни Туркманистон ҳукуматининг транспорт ва коммуникацияларни ривожлантиришга бағишланган йиғилишини ўтказди. Унда мамлакатдаги интернет нархларини қайта кўриб чиқиш, иккинчи сунъий йўлдошни учириш, юк ташувчи самолётларни сотиб олиш ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинди, дея хабар берди «Хроника Туркменистана».

Фото: «Хроника Туркменистана»

Туркманистон алоқа агентлиги раҳбари Ҳожимурод Худайгулиевнинг баёнотига кўра, 2020 йили мамлакатда 192 238 та телефон пунктлари ўрнатилиши орқали йиллик режа 12 фоизга ошириб бажарилган. 685 километр алоқа линиялари тортилиб, 266 160 киши интернетга уланган, вазирлик ва идораларнинг 510 та веб-сайтлари, жумладан, давлат хизматлари портали, tmchat мессенжери ва Sanly электрон почтаси ишга туширилган.

Туркманистонда рақамли тизим жорий этиш масалаларини Телекоммуникация ва информатика институти негизида ташкил этилган «Рақамли ечимлар — IТ платформаси» корхонаси мутахассислари амалга оширмоқда.

Давлат раҳбари Худайгулиевга 2019-2025 йилларга бағишланган Туркманистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш концепцияси ижросини тезлаштириш; интернет хизматларини оммага очиқлаш; «реклама ва маркетингни кучайтириш орқали» биринчи туркман телекоммуникацион сунъий йўлдоши Тürkmen Älem 52°E’нинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ҳамда иккинчи сунъий йўлдошни тезроқ ишга тушириш  ҳақида топшириқ берди.

Аввалроқ давлат раҳбари Телекоммуникация ва информатика институти ректори Нурнепес Қулиевга иккинчи туркман сунъий йўлдошини учиришга бўлган тайёргарликларга асосий эътиборни қаратиш ҳақида кўрсатма берганди. Йиғилишда президент Қулиевнинг ишидан норозилигини билдирди.

Маълумот учун, 2015 йилнинг апрель ойида АҚШнинг Флорида штатидаги Канаверал бурнидаги космодромдан Туркманистоннинг илк сунъий йўлдоши – Тürkmen Älem 52°E фазога учирилган эди. Туркманистон буюртмасига асосан Франциянинг Thales Alenia Space компанияси томонидан ишлаб чиқарилган сунъий йўлдош Falcon 9 ракета-ташувчиси ёрдамида коинотга олиб чиқилган.

«Туркман авиакомпанияси» раиси Довран Сабуровнинг ҳисоботига кўра, мамлакатда юк ташиш режаси 106,1 фоизга бажарилган. 2020 йил сентябрдан бери Туркманбоши ва Ашхабод халқаро аэропортларида хорижий самолётларнинг техник тўхташлари амалга оширилмоқда. 2021 йил январидан бошлаб эса Ашхобод—Истанбул, Ашхобод—Абу-Даби йўналишларида «Ил-76» самолётлари билан ҳафталик мунтазам юк рейслари йўлга қўйилган. Айни пайтда Boeing B777-200LR йўловчи самолётлари (юк қисмларида) билан Осиёдан Европага ва Европадан Осиёга мунтазам юк ташишни ташкил этиш имкониятлари ўрганилмоқда.

Бердимуҳамедов миллий авиакомпания раҳбарига самолётларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини ўз вақтида бажариш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш, янги юк ташувчи самолётларни сотиб олишни буюрди. Бир ой олдин давлат раҳбари Туркманистон авиакомпаниясига иккита ишчи юк Аirbus А330-200 P2F (юк ташишга ўтказилган йўловчи самолёти) сотиб олишни буюрган эди.

Бундан ташқари йиғилишда темир йўл, денгиз орқали юк ва йўловчилар ташиш режалари ҳам қайта кўриб чиқилиб, тегишли топшириқлар берилди.

Бердимуҳамедов 1 февраль куни ўтказган йиғилишида ихтисослашган олимларга картошканинг хусусиятларини яхшилаш, унинг сифати, ҳосилдорлиги ва озуқавий қийматини ошириш соҳасида изланишлар олиб бориш тўғрисида буйруқ берган эди.