Маникюр қилинган ва лак билан қопланган тирноқлар чиройли ва тартибли кўринади. Шунга қарамай, мустаҳкамлигига зарар етмаслиги ва мўртлашмаслиги учун узоқ вақт давомида гел-лак билан қопланган тирноқлар билан юриб бўлмайди.

Фото: Freepik

Биринчи сабаб: хунук кўринади

Уч ҳафтада тирноқ 3-6 миллиметрга ўсади ва бу тартибсиз кўринади. Коррекция қилишга улгурмайдиган бўлсангиз, ўсганида унчалик билинмайдиган тирноқ рангидаги оч лакдан фойдаланиш тавсия қилинади.

Иккинчи сабаб: кўчишни бошлайди

Замонавий гел-лакларнинг туриш муддати 21 кунга мўлжалланган. Шундан кейин база ўз хусусиятини йўқота бошлайди ва кўчиш ҳолати кузатилади.

Учинчи сабаб: гигиенага тўғри келмайди

Ўсган тирноқ ичига кир, чанг ва бактериялар тўплана бошлайди. Тирноқ устидаги лак қоплама эса йиғилган кирларни кўриш имконини бермайди. Агар узоқ вақт давомида гел-лак билан юрадиган бўлсангиз, тирноқларни совун суртилган чўтка билан тозалаб туриш тавсия қилинади.

Тўртинчи сабаб: ёриқлар пайдо бўлади

Бу, айниқса, узун тирноқларга тааллуқли. Гел-лак тирноқлар учун оғирлик қилади. Ўсгани сари оғирлик маркази тирноқ учига қараб боради ва натижада дарз кетиш ва синиш ҳолатлари кузатилади.

Бешинчи сабаб: тирноқнинг ичига ўсиши ва қадоқ

Педикюрда гел-лакдан фойдаланиш оёқ бармоқларини зўриқтиради, уларнинг биомеханикасига салбий таъсир қилади. Бу эса деформация ва қадоқларга олиб келади. Гел-лак, айниқса, ёпиқ пойабзал киядиганлар тирноғига зарар етказади. Шу сабаб ҳам маникюр ва педикюр усталари оёқлар тирноғига гел-лакдан фойдаланмасликни, фақат ёз ва таътилда суртиш ҳамда тирноқлар узунлигини қисқартириб туришни тавсия қилади.