Россия ҳозирча Ўзбекистон мамлакатда «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган компанияни танлашини кутмоқда. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко маълум қилди.

Фото: Ведемеcум

Руденконинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва МДҲдаги бошқа давлатлар учун вакцина «энг жозибали шартларда» етказиб берилади.

«Марказий Осиёдаги шерикларимиз томонидан Россия вакцинасига бўлган катта қизиқишни кузатмоқдамиз. ‘Спуник V’ ва ‘ЭпиВакКорона’ дори воситалари минтақадаги мамлакатларда сертификация жараёнларидан ўтмоқда. Туркманистонда у тўлиқ якунланди. Қозоғистон ва Ўзбекистон ‘Спутник V’ вакцинасини ишлаб чиқаришни, жумладан, тегишли технологияларни узатишни ташкиллаштиришда ёрдам кўрсатмоқда», — дейди у.

Руденконинг қўшимча қилишича, Россия «Ўзбекистон томони малакали технологик шерикни аниқлашини кутмоқда».

«Бутун дунёда коронавирус инфекциясининг юқори тезликда тарқалиши давом этаётганини ҳисобга олган ҳолда, биз шерикларимизнинг эҳтиёжини қондириш учун максимал даражада ҳаракат қиламиз», — дея таъкидлайди вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда айни вақтда Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан яратилган ZF 2001 рекомбинант вакцинасининг синовлари давом этмоқда. Шунингдек, Россиянинг «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режаси ҳам мавжуд. Умуман, Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилаётгани ҳақида 2020 йилнинг ноябрида маълум бўлганди.