Сўнгги ўн йилликда кўплаб таниқли ўзбек санъат ва маданият соҳаси вакиллари АҚШ, Туркия, Россия каби давлатларга кўчиб кетмоқда. Айримлар мусофир юртда ижодий фаолиятини давом эттираётган бўлса, баъзилар бошқа соҳадан даромад топяпти. «Дарё» мухбири Миролим Исажонов турли сабаблар билан Россияга кўчиб кетган таниқли санъаткорлар ҳақида материал тайёрлади.

«Ўзбекистондан кетишни режалаштирмагандим»

«Овора бўлма», «Мени эсла», «Юрак маҳзун» каби тароналари ва «Суғдиёна», «Хўжа Насриддин» фильмларидаги роллари билан машҳурликка эришган Суғдиёна бир неча йилдирки, Москвада яшаб, фаолият юритмоқда. Асл исм-фамилияси Оксана Нечитайло бўлган қўшиқчи ижодини 2001 йилда Ўзбекистонда бошлаган. 2006 йили Москвада ўтказилган «Юлдузлар фабрикаси» лойиҳасидаги ёрқин иштироки билан Россияда ҳам танилган. Тошкентлик хонанда рус шоу-бизнесида Шарқ маликаси қиёфаси билан эътибор қозонган. Россия фуқаролигини олган 37 ёшли Суғдиёнанинг икки нафар ўғли бор.

Коллаж: «Дарё»

«Мен Ўзбекистондан кетишни режалаштирмагандим ва ҳеч нимани ўзгартиришни истамаган эдим. Биласизми, кўп инсонлар дунё бўйлаб кўчиб юради. Назаримда, асосийси кимлигимиз, қаердан эканлигимиз ва ўз илдизларимизни унутмаслигимиз керак», деган эди у интервьюларининг бирида.

Фото: Instagram

Эслатиб ўтамиз, Суғдиёна Ўзбекистонда «Ниҳол», Россияда «Олтин граммофон» мукофотлари ҳамда Ингушетияда хизмат кўрсатган артист, Чеченистон халқ артисти унвонларига сазовор бўлган.

Русийзабон ёшларнинг севимли хонандаси

Фото: genius.com

1998 йил Тошкентда туғилган Абдулғофур Исахонов ҳам айни пайтда Россияда яшайди. У «Сой қўшиғи», «Новда», «Дадам бетоб» ва «Элпарвар» каби фильмлардаги турли характердаги роллари орқали кино мухлисларга яхши таниш. Қисқа вақт ичида россиялик ёшларнинг севимли юлдузига айланган ижодкор RAAVA Music лейбли гуруҳида ижод қилмоқда. «Гафур» тахаллуси билан танилган Абдулғофур ўтган йили «Калейдоскоп» номли илк альбомини чиқарди. Унинг «Лоллипоп» таронасига ишланган клипдаги Гафур ва Жонйънинг рақслари ёшлар ўртасида тез оммалашди. Ушбу ҳаракатлар айниқса, TikTok ижтимоий тармоғида челленжга айланди.

«Садо»даги Азиза Муҳамедова

Коллаж: «Дарё»

1980 йиллар машҳурликка эришган «Садо» ансамбли аъзоси Азиза Муҳамедова 30 йилдан буён Россияда фаолият юритади. У 1964 йил Тошкент шаҳрида профессионал мусиқачилар оиласида дунёга келган. Азиза 16 ёшида «Садо» ансамблига қабул қилиниб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқова ҳамда айни пайтда Россияда яшаётган Мила Романиди билан бир сафда қўшиқ куйлайди.

Фото: Instagram

1988 йилда Ўзбекистон Давлат консерваториясини битиргач, ўша йили Латвияда ўтказилган Совет эстрада ёш ижрочиларининг учинчи Бутуниттифоқ телевизион танловида қатнашади. 1989 йилда Москвага кўчиб кетади ва у ерда яккахон ижодини бошлайди. «Хушомадгўй» қўшиғи билан омма назарига тушган хонанда 1990 йил «Азиза» номли дебют альбомини чиқаради. У ўтган давр мобайнида юзлаб қўшиқлар яратиб, ўнлаб альбомларини сотувга чиқарди ва бир қанча телевизион лойиҳаларда ғолибликка эришди. 57 ёшли Азиза Муҳамедова ҳозир ҳам Москвада фаол ижод қилиб келмоқда.

«Шайтанат»даги Ҳонгирей

Коллаж: «Дарё»

«Шайтанат» сериалидаги Ҳонгирей роли орқали киносеварлар ёдида қолган Рустам Қаюмов кўп йиллардан буён яқинлари билан Москвада истиқомат қилади. У актёр сифатида фақат «Шайтанат»да роль ўйнаган. Ўзбекистон халқ артисти, машҳур кино оператор Малик Қаюмовнинг набираси ҳисобланган Рустам Қаюмов Тошкент автомобиль йўллари институтини битиргач, бир муддат ўз мутахассислиги бўйича меҳнат қилади. Сўнгра Россияга кўчиб кетишга қарор қилади. Ҳозирда у тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади.

Фото: YouTube

Зарина Низомиддинова

Фото: Instagram / @zarinanizomutdinova

«Ромео ва Жулетта» фильмидаги роли орқали машҳурликка эришган ижодкор Зарина Низомиддинова 2020- йил май ойида Москвада яшаётганини маълум қилди. Биринчи турмушидан Темурхон исмли ўғилни дунёга келтирган актриса 2020 йилнинг баҳорида иккинчи марта оналик бахтига эришиб, фарзандига Саидумар деб исм қўйди. Ҳозирда Зарина Низомиддинова учинчи умр йўлдоши ва икки фарзанди билан Москвада ҳаёт кечирмоқда.

«Бўрилар»дан «Барон»гача

Коллаж: «Дарё»

Россияда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Маҳмудов ўн етти ёшигача Тошкент шаҳрида яшаган. Кинодаги илк ролини «Бўрилар» (Собир Назармуҳаммедовнинг 1986 йилда тасвирга туширилган) фильмида ўйнаган Фарҳод Маҳмудов мактабни тамомлаганидан сўнг Москвага кетади. У ўша вақтгача Валерий Ахадовнинг «Назар», Мелис Абзаловнинг «Шарқ муғомбири» мусиқали комедиясида ҳам суратга тушишга улгурган. 1993 йилда Бутун Россия давлат кинематография университетини тамомлаган актёр бир йил Москва драма театрида ишлайди. 1994 йилдан бери эса Роман Виктюк театрида фаолият юритяпти.

Фото: Facebook

Фарҳод Маҳмудов «Бригада» сериали, «Сизникига фаришта келди», «Застава», «Сутли виски» каби фильмлардаги ижролари орқали Россияда ҳам машҳурликка эришган. У 2016 йил ўзбек киносидаги узоқ йиллик танаффусга чек қўйиб, «Барон» фильмида кўриниш берди. Кейин эса «Ибрат» тарихий фильмида ҳам рол ўйнади. Бугунги кунда она юртида бўлиб турган актёр «Пари совғаси» номли режиссёрлик фильмини суратга олиш учун тайёргарлик кўрмоқда.

Хонанда Лола

Фото: Instagram / @lolaofficial_

Латофатли хонанда Лоланинг Москва шаҳрида яшаётгани 2020 йилнинг ёзида учинчи марта оналик бахтига сазовор бўлганидан кейин кўпчиликка маълум бўлди. 2011 йилда биринчи турмушидан ажрашган хонанда учинчи фарзандини Россия пойтахтидаги клиникалардан бирида дунёга келтирди. У ҳозирда Шаҳина, Шоҳдиёр ва Аиша исмли фарзандлари ҳамда иккинчи турмуш ўртоғи билан Москвада истиқомат қилмоқда.

Тошкент—Нью-Йорк—Москва...

15 ёшида «Мени эсла» қўшиғини куйлаб, тингловчилар назарига тушган Зокировлар сулоласи давомчиси Наргиз Зокирова 1995 йилда ота-онаси ва қизи билан АҚШга кўчиб кетади. У Нью-Йоркда дастлаб турли дўкон ва ресторанларда чиқиш қилади, бир қанча гуруҳларда қўшиқ куйлайди. 2001 йилда «Олтин қафас» этно услубидаги альбомини ёзади ва яккахон сифатида ижодини бошлайди.

Фото: zab.ru

2013 йил Россиянинг «Овоз» телевизон лойиҳасида иштирок этиб, ҳакамлар ва томошабинларни ҳайратга солади ҳамда танловнинг финал босқичида иккинчи ўринни эгаллайди. Наргиз Зокирова 2014 йил апрелидан 2019 йил августигача россиялик таниқли продюсер ва бастакор Максим Фадеев билан ҳамкорлик қилади. У MALFA продюсерлик марказида ишлаган даврида ўнлаб ҳит қўшиқлар ва альбомлар яратади. 2014 йилда «Санкт-Петербургнинг оқ тунлари» халқаро мусиқа фестивалида Россия вакили сифатида қатнашиб, Гран-прини қўлга киритади. Наргиз Зокирова ҳозирда Москвада яшаб, фаолиятини давом эттирмоқда. Хонанда уч нафар фарзанд – Сабина, Лейла ва Ауэлнинг онаси ҳисобланади, Нуҳ исмли набираси бор.

«Фазо»нинг Абдушукури

Коллаж: «Дарё»

2000 йилларда ёшларнинг севимли гуруҳидан бирига айланган «Фазо»да ижод қилган Абдушукур Абдураҳмонов ҳам ўн йилдан бери Россияда яшайди. «Фотима ва Зухра», «Жаноб ҳеч ким» каби фильмлардаги роллари билан ҳам томошабинларга яхши таниш бу серқирра ижодкор она юрти Ўзбекистонга тез-тез келиб туради.

Фото: «Фотима ва Зуҳра» фильмидан скриншот

Муҳожирликдан катта саҳнага...

Россия эстрадасининг таниқли юлдузи рэпер МC Дони 1985 йили Тошкент вилоятида туғилган. Асл исм-фамилияси Достонбек Исламов бўлган хонанда Фарғона шаҳрида улғайган. Айни ўсмирлик чоғида реп ва ҳип-ҳоп йўналишига қизиқиб қолган Достонбек Исламов бошида клуб ва барларда DJ’лар хатти-ҳаракатини кузатиб, улардан ўзига нимадир олишга ҳаракат қилади.

Фото: tntmusic.ru

2012 йили Москвага муҳожир сифатида бориб, дастлаб оғир жисмоний меҳнат орқали пул топади. Достонбек Исламов қурилиш соҳасида ишласа-да, ундаги мусиқага бўлган иштиёқ тинчлик бермайди. Бўлажак рэпер аввалига тунги клубларда қўшиқ айтади ва тез орада тор доираларда шуҳрат қозонади. Бутунроссия машҳурлигини орзу қилган МC Дони 2014 йили бир нечта босқичдан иборат кастингдан омадли ўтиб, Black Star жамоасига қўшилади. Унинг истеъдоди Black Star асосчиси Тимур Юнусов (Тимати) томонидан юқори баҳоланади.

Фото: new.myday.uz

Рэпер бир қанча дуэтлардан сўнг 2016 йилда иккита қўшиғини ўз тингловчиларига ҳавола этади ва ҳар йили кетма-кет ҳит тароналар яратади. Юзлаб қўшиқлар ижрочиси МC Дони 2020 йилнинг январида Black Star брендини тарк этади. Унинг сўзларига кўра, ташаббус фақат унинг ўзидан келиб чиққан, чунки унда мусиқадан ташқари бошқа кўплаб бизнес лойиҳалари ҳам пайдо бўлган. Вақт етишмаслиги боис у якка ишлашга қарор қилган.

Равшана Куркова

Россиялик санъат мухлислари кўнглидан жой олган ўзбекистонлик машҳурлар ҳақида сўз кетар экан, номдор ижодкорлар қаторига Равшана Курковани ҳам қўшмасликнинг иложи йўқ. У 1980 йил Тошкент шаҳрида санъаткорлар оиласида туғилган. Отаси таниқли ўзбек актёри Баҳром Матчонов бўлиб, у анча йилдан бери АҚШда яшайди. Онаси Раъно Кубаева ҳам актриса ва кино режиссёр.

Фото: Instagram

Равшана Куркова илк ролини 12 ёшида Рашид Маликовнинг «Қирқ қулоқ сири» фалсафий драмасида ўйнайди. У Успенский номидаги мусиқа мактабида таҳсил олгач, 1990 йиллар охирида онаси билан Москвага кўчиб кетади. Москва педагогика давлат университетининг филология факультетини тамомлаганидан сўнг телевидениеда муҳаррир ва режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлайди. Кейинчалик режиссёрлик ва актёрлик бўйича курсларга қатнаб, соҳа мутахассисларидан сабоқ олади.

Фото: Instagram

Устазода санъаткор «Оқ қарға», «Ҳақиқий бўлмаган севги», «...ва бизнинг ҳовлимизда», «Ошиқ аёллар» каби юзлаб фильм ва телесериалларда роль талқин қилишдан ташқари бир муддат театрда ҳам фаолият юритган. Унинг «Хоналар», «Чидаб бўлмас даражада узоқ қучоқлашиш» каби спектакллардаги роллари муваффақият қозонган. Шунингдек, клиплардаги ижролари ва модель сифатида ҳам танилган.

«...ва бизнинг ҳовлимизда» телесериалидан

Фото: ruskino.ru

Серқирра ижодкор икки марта оила қуриб, ажрашган. Биринчи турмуш ўртоғи фотосуратчи Семён Курков бўлиб, оила ажрашгач, у собиқ эрининг фамилиясида қолишни лозим топди. Иккинчи умр йўлдоши актёр Артём Ткаченко билан 2004-—2008 йилгача яшаган.