«Ҳавас» оилавий гуруҳи нафақат Ўзбекистонда, балки дунё бўйлаб, жумладан, Европа ва Осиёда машҳурликка эришмоқда. Гуруҳ аъзолари ёш бўлишига қарамай, ўз иқтидори туфайли бир қанча совринларга эришишга муваффақ бўлган.

Фото: «Яндекс Дзен»

Гуруҳнинг етакчи солисти, «Ниҳол» мукофоти совриндори Қаҳрамон Ғуломжонов пианино чалади. У бир қанча халқаро танловлар ғолиби. Гуруҳнинг яна бир аъзоси Шаҳноза Ғуломжонова «Зулфияхоним қизлари» танлови лауреати. Франция ва бошқа мамлакатларда ўтказилган танловлар ғолиби — Достонбек скрипкачи, мусиқий гуруҳнинг энг кичик аъзоси Робия эса вокал ва скрипка чалишга қизиқади. У 6 ёшидаёқ Британия, Сербия, Италия, Австриядаги мусиқа танловларида ғолиб чиққан.

Фото: «rizanova.com»

«Ҳавас» гуруҳи бир қанча тиллардаги қўшиқларни қойилмақом тарзда куйлашига қарамай, уларнинг рэпертуаридан кўпроқ ҳинд тароналари ўрин олган. Шунингдек, улар билан Нью-Деҳли, Мумбай, Агра, Бопал, Коимбатор ва Панжобда концерт дастурлари ва ижодий учрашувлар бўлиб ўтган.

Фото: YouTube

Мумбайда 2016 йилда бўлиб ўтган «Dil Hai Hindustani» халқаро мусиқа танловида ғолиб бўлганлар орасида мазкур гуруҳ ҳам бўлиб, улар олтин диск билан тақдирланган. Ушбу халқаро мусиқа танловида дунёнинг 63 мамлакатидан иштирокчилар қатнашган.

Фото: «Яндекс Дзен»

Гуруҳ ҳинд халқининг озодлиги ва мустақиллиги учун курашган таниқли давлат ва жамоат арбоби Маҳатма Ганди таваллудининг 150 йиллик юбилейи муносабати билан Деҳли шаҳрида 2019 йилда ўтказилган тадбирда иштирок этиб, 47 та давлатдан ташриф буюрган санъаткорлар орасида Маҳатма Гандининг севимли «Vaishnava Jana To» қўшиғини куйлаган. Унинг мазкур ижроси ҳиндистонликлар ва халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланган ҳамда унга январь ойининг илк кунларида Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Сваражнинг ташаккурномаси топширилган.

Фото: «rizanova.com»

Профессионалликни юқори баҳолайдиган ҳинд томошабинлари оилавий тарзда ижод қилаётган мусиқий гуруҳнинг мухлисига айланган. Эндиликда оилавий гуруҳ Болливуднинг марҳум актёри Сушант Сингх Ражпут хотирасига бағишлаб, «Бечора юрак» таронаси ҳамда видеоклипини тақдим этди. Ижрога муносабат турлича бўлиши табиий, чунки мухлислар ҳар доим ҳам асл таронани қадрлайди. Аммо ушбу гуруҳ эса буни ҳар томонлама уддалашга ҳаракат қилди. Бунинг учун марҳум актёрнинг мухлислари «Ҳавас» гуруҳидан миннатдор бўлиши шубҳасиз.

Фото: «Яндекс Дзен»