Россия ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Рашид Мередов «Коинотга биринчи бўлиб қурол жойлаштирмаслик тўғрисида»ги қўшма баёнотни имзолади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотига таяниб «Хроника Туркменистана» хабар берди.

Фото: Turkmenportal

Ҳужжат коинотга қурол жойлаштирмаслик юзасидан халқаро ташаббуснинг глобаллашуви бўйича навбатдаги қадам бўлиб, давлатларнинг космосда қуролланиш пойгасининг олдини олиш (КҚПО) бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қарор қилганини тасдиқлади.

«КҚПО мақсадлари учун бугунги кунга қадар амалга оширилган шаффофлик ва ишончнинг ягона ўлчови сифатида ушбу ташаббус ҳамма учун тенг ва бўлинмас хавфсизликни таъминлашга, шунингдек, давлатларнинг коинотни тинч ҳолатда ўрганиш ва ундан шу йўсинда фойдаланишининг прогноз қилиниши ва барқарорлигини оширишга ёрдам берадиган муҳим сиёсий омил ҳисобланади», — дея қайд этади Россия Ташқи ишлар вазирлиги.

Россия ва Туркманистон мазкур қўшма баёнотда коинотга қуролларни жойлаштириш ва улардан фойдаланишни тақиқловчи халқаро шартнома тузиш зарурлигини таъкидлайди ва ушбу ташаббуснинг иштирокчиси бўлмаган мамлакатларни унга қўшилиш имкониятларини обдан кўриб чиқишга чақиради.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда Туркманистон ўзининг телекоммуникацион сунъий йўлдоши Türkmen Älem’ни космосга учирган. Туркманистон буюртмасига асосан Франциянинг Thales Alenia Space компанияси томонидан ишлаб чиқарилган сунъий йўлдош Falcon 9 ракета-ташувчиси ёрдамида коинотга олиб чиқилган.

Иккинчи туркман сунъий йўлдошини учириш режалари 2016 йилдан бери муҳокама қилинмоқда. 2020 йил январь ойида бу борада Россия Туркманистонга ёрдам бермоқчилиги маълум қилинган.

6 февраль куни Туркманистон президенти иккинчи сунъий йўлдошни учириш ва юк самолётларини сотиб олиш юзасидан бир қатор кўрсатмалар берган.

Россияда эса 2 февраль куни «Союз-2.1б» ташувчи ракета коинотга учирилган. У ҳарбий сунъий йўлдошни орбитага муваффақиятли олиб чиққан.

Аввалроқ Дубай ҳукумати Ер орбитасидаги тижорий низоларини ҳал қилиш учун космик суд ташкил қилмоқчилиги ҳақида хабар қилинганди.