Ўзбекистонда коронавирусга қарши Хитойнинг ZF 2001 вакцинаси клиник синовлари доирасида вакцина қабул қилганлар орасида 5 нафар шахсда биринчи даражали ножўя таъсирлар (аллергик реакция, бироз иситма чиқиши, бош оғриғи) кузатилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасида Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Унинг айтишича, биринчи даражали ножўя таъсирлар кузатилган шахслар унда иштирок этганларнинг 0,3 фоизини ташкил этган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич Pfizer/BioNTech’да 2-3,8 фоиз, «Спутник V»да эса 0,3-0,4 фоизга тенг. Иккинчи ва учинчи даражали ножўя таъсирлар эса кузатилмаган.

Ушбу клиник синовлар натижалари муваффақиятли якунланса, Инновация вазирлиги Ўзбекистонда аҳолини эмлашда мазкур вакцинадан фойдаланишни ҳамда бунинг учун Махсус комиссия томонидан вакцинадан фавқулодда фойдаланиш учун рухсат (EUA) берилишини таклиф қилмоқда. Агар махсус комиссия томонидан бундай рухсат берилса, Хитой вакцинаси Ўзбекистонга имтиёзли нархларда ва етарли қувватларда етказиб берилади.

Шунингдек, мамлакатда вакцина ZF-UZ-2001 номи остида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда тижоратлаштирилиши режалаштирилмоқда.

Махсус комиссия раисига кўра, Хитой компанияси маҳаллий фармацевтика компаниялар билан ҳамкорликда ZF-UZ-2001 вакцинасини жорий йилда 300 миллион донагача ишлаб чиқиш қувватига эга ҳамда Ўзбекистон аҳолиси сони ва ҳукумат талаблари асосида етарли миқдорда вакцина дозаларини етказиб бериши мумкин. Бу эса 2021 йил охиригача мамлакат аҳолисини оммавий равишда эмлаш имкониятини яратади.

Шунингдек, ҳукумат раҳбари Халқаро вакциналар иттифоқи (GAVI) томонидан Ўзбекистонга 2,5 миллионга яқин AstraZeneca вакциналарини бепул етказиб берилиши бўйича ҳам музокаралар якунланаётганини маълум қилган. Музокаралар якунига қараб, ушбу вакциналарнинг дастлабки 800 минг донаси жорий йилнинг март ойларида Ўзбекистонга келтирилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойининг биринчи ярмида бошланиши маълум қилинган. Бунда биринчи навбатда коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган шахслар эмланади ва у фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга оширилади. Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.

Хитой вакцинасидан ташқари Россиянинг «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режаси ҳам мавжуд. Россия Ўзбекистон «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришни йўлга қўядиган компанияни танлашини кутмоқда.